АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон мактабларида давомат 50 фоизга ҳам етмаяпти — Эркинжон Турдимов

Унинг фикрича, мактабларда таълим сифатини ҳам ошириш зарур. Акс ҳолда, давоматни 100 фоизга етказиб бўлмайди.

'Ўзбекистон мактабларида давомат 50 фоизга ҳам етмаяпти — Эркинжон Турдимов'ning rasmi

Бугунги кунда Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш кўрсаткичи 50 фоизни ҳам ташкил этмаяпти. Бу ҳақда Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида маълум қилди.

Вазир интервью давомида мактаб дарсликларидаги хатолар масаласига ҳам тўхталди. У дарсликларда камчиликлар кўплигини яхши билишини, бироқ уларнинг мазмуни билан вазирлик бевосита шуғулланмаслигини айтди.

"Мен мактаб дарсликлари хатолар билан тўлиб-тошганини яхши биламан. Дарсликлар, уларнинг мазмуни билан бизнинг вазирлик бевосита шуғулланмас экан. Бу билан шуғулланадиган Таълим маркази ва Илмий тадқиқотлар институтига мактаб дарсликлари мазмун-моҳияти борасидаги ўз таклифларимизни юбордик", — деди вазир.

Турдимовнинг таъкидлашича, ўқувчиларни мактабга қайтариш учун тушунтириш ва тарғибот ишлари етарли бўлмагач, ички ишлар органлари ходимларини жалб этишга тўғри келган.

У Сirdaryo вилоятида давоматни назорат қилиш ишларига шахсан бошчилик қилганини ва ички ишлар ходимлари кўмагида кўрсаткични 80 фоизга етказганини билдирди. Бироқ шундан кейин ҳам давоматни янада ошириш имкони бўлмаган.

Вазирнинг айтишича, ўқувчиларнинг тахминан 10 фоизи бозор-ўчар ва пул топиш учун мактабга бормаётган бўлса, яна шунча ўқувчи бошқа шаҳарларга, жумладан, Қоракўлдаги математика мактаби ёки пойтахтдаги ўқув марказларига бориб, репетиторлардан таълим олмоқда.

Турдимов айрим ота-оналар фарзандининг мактабга бормаслигини репетитор билан шуғулланаётгани ва мактабда ўқиш университетга кириш учун етарли эмаслиги билан изоҳлашини айтди.

"Ота-онасига “Болангизни топиб беринг, мактабга борсин”, десак, “Мактабда ўқиса, университетга кира олмайди, болам репетиторда ўқияпти, уни безовта қилманг”, дейди", — деди вазир.

Унинг фикрича, мактабларда таълим сифатини ҳам ошириш зарур. Акс ҳолда, давоматни 100 фоизга етказиб бўлмайди.

Вазир ҳозир Тошкентда мактабларда рақамлаштирилган кузатув тизими синовдан ўтказилаётганини маълум қилди. Ушбу тизимни кейинчалик бутун республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилган. Бу орқали ҳар бир синфда нечта ўқувчи қатнашayotgani ва ўқитувчининг дарс ўтиш жараёнини кузатиш имкони бўлади.

    Бошқа янгиликлар