АсосийMadaniyat
15.09.2019 13:43
4341

Хива “Рақс сеҳри” халқаро фестивали меҳмонларини қарши олди (Фото)

'Хива “Рақс сеҳри” халқаро фестивали меҳмонларини қарши олди (Фото)'ning rasmi

14 – 16 сентябрь кунлари Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали бўлиб ўтмоқда. Тадбирда юртимизнинг турли ҳудудлари ва қатор хорижий давлатлардан Хива шаҳрига ташриф буюрган санъаткорлар бадиий чиқишлари билан иштирок этишади. Миллий рақс санъатимизни дунёга тарғиб қилиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган фестивалга жорий йил ҳар сафаргидан-да пухта тайёргарлик кўрилди.


Жорий йилда “Рақс сеҳри” фестивалида Англия, Италия, Франция, Голландия, Россия, Кувайт, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Польша, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби 20 га яқин хорижий давлатдан 100 га яқин рақс гуруҳлари қатнашади. Ушбу халқаро фестивалда шунингдек Грузия давлат академик халқ ашула ва рақс ансамблининг "Рустави" рақс гуруҳи ҳам иштирок этиши кутилмоқда. "Рустави" рақс жамоаси дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатига ташриф буюрган (баъзи мамлакатларда бир неча марта), 5000 дан ортиқ консертда иштирок этган ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган.


Ансамбль репертуарида кўплаб анъанавий грузин рақслари мавжуд. Бундан ташқари иштирокчилар орасида озарбайжонлик таниқли раққоса, хореограф ва актриса Оксана Расулова ҳам бор. Озарбайжоннинг Шабран шаҳрида туғилган Оксана ҳинд мумтоз рақсларини ижро қилади. Асосан “Bharatanatyam” рақс услубини севиб ижро этади. 1999-2005 йиллар давомида турли рақс танловларининг ғолиби бўлган. Оксана Расулова ўзининг қизиқарли рақс дастурлари билан кўплаб мамлакатларни айланиб чиққан. Оксананинг рақслари Youtube канали орқали миллионлаб фолловерлар томонидан томоша қилинган. Бугун, 14 сентябрь куни Хива темир йўл вокзалида фестиваль иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Меҳмонлар орасида Польша, Грузия, Ҳиндистон, Озарбойжон, Тожикистон, Қозоғистон каби мамлакатлардан 30 дан зиёд раққос ва раққосалар, рақс дасталари ташриф буюрди. Шу билан бирга, республикамизнинг турли ҳудудларидан 50 га яқин рақс жамоалари кутиб олинди. “Рақс сеҳри” фестивалининг расмий очилиш маросими 15 сентябрь куни Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида бўлиб ўтади.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар