1

Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси тугатилди

МАДАНИЯТ 14.10.2019, 11:46
Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси тугатилди

Кейинги пайтларда айрим санъаткорлар ўзбошимчалик билан иш тутиб келаётгани сабаб, уларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти, сўзлашуви, яъни муомала маданиятида миллий ўзлигимизга ёт бўлган ҳолатлар яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Хонандаларда хулқ одоби бирламчи бўлмас экан, ҳар қандай истеъдод ва маҳоратли ижро ҳам иккинчи даражали бўлиб қолаверади. Чунки хонандалар халқ назаридаги инсон бўлганлиги боис уларга айниқса, ёшлар эргашади, андоза олади. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати эл назарида бўлади. 

       Cўнгги вақтларда Жахонгир Атажанов ана шундай масъулиятни бироз унутиб қўйди, десак хато бўлмайди. Жорий йилнинг май ойи яъни муборак Рамазон ойида ижтимоий тармоқларда хонанда Жахонгир Атажанов томонидан санъаткор одобига, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар кузатилганди. Бу шунчаки ўзини кўз-кўз қилиш мақсадидами ёки бошқа мақсаддами, барибир ижтимоий тармоқлардаги бундай кўриниш ёшлар орасида, жамоатчилик ўртасида санъат аҳли тўғрисида салбий фикр уйғотмасдан қолмаган эди. 

      2019 йил 9 октябрь куни “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрь куни “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ижросига бағишланган сонида студия мониторида тўйлардан олинган айрим лавҳалар муҳокама қилинди. Бу лавҳада хонанда Жахонгир Атажонов билан боғлиқ тасвирлар ҳам акс этиб, иштирокчилар бунга салбий муносабатларини билдиришди. Ушбу кўрсатувдан сўнг жорий йилнинг 11 октябрь куни “Qalampir.uz” сайтида “Жамоатчилик хонанда Жахонгир Атажоновнинг лицензиясини олиб қўйишни талаб қиляпти” мавзусида мақола эълон қилинди. Мазкур мақола ижтимоий тармоқларда жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди.  

       Шунга қарамай, хонанда Ж.Атажанов жамоатчилик эътирозидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб, “Олларинг мани лицензиямни, маза қилларинг, агар шу билан маданиятли бўлсаларинг. Ман хурсанд бўламан... халқ маданиятли бўлиб кетиб қолса шу билан...” қабилида турли фикрлар билдирди. Хонанданинг ушбу чиқиши ижтимоий тармоқ орқали ёшлар орасида ва жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотмасдан қолмади. Хонанда ўзининг маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган бу каби номуносиб ҳаракатлари орқали Муассаса билан тузилган лицензия битими талаб-шартларини мунтазам равишда бузиб келмоқда.  

    Юқоридагиларни инобатга олиб, “Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси лицензиат Ж.Атажанов билан тузилган лицензия битимида мавжуд талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузилганлигини инобатга олиб, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосланиб, Атажанов Жахонгир Сапарбаевич номига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган АА-серияли, 7422-сон лицензиянинг амал қилиши 2019 йил 14 октябрь кунидан тугатилади. Шу ўринда хонанда Ж.Атажоновга концерт-томоша, тўй-юбилей ва бошқа тантаналарда лицензиясиз фаолият кўрсатиш қонунчиликка асосан жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтди. 

    Шу билан бир қаторда, барча санъат аҳлини ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига зид турли хил бемаъни сўзларни тарқатмаслик, жамоатчилик ўртасида санъаткорларга нисбатан ноўрин муносабат шакллантирилишига йўл қўймасликлари борасида огоҳлантирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1