АсосийJamiyat

Зойир Мирзаев: “Бундан кейин сектор раҳбарининг фаолиятига нечта тадбиркорнинг масаласини ҳал қилганига қараб баҳо берилади”

'Зойир Мирзаев: “Бундан кейин сектор раҳбарининг фаолиятига нечта тадбиркорнинг масаласини ҳал қилганига қараб баҳо берилади”'ning rasmi

Бугун Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоят тадбиркорлари, ишбилармонлари ва бизнес вакилларига мурожаат қилди.

Вилоят раҳбари энг аввало тадбиркорлик соҳасида ҳудуддаги ютуқлар, вилоятнинг Республикадаги ўрни, бу борада берилаётган имкониятлару, янги ишларни ташкил этишдаги камчиликлар ҳақида батафсил тўхталди. Шунингдек, Зойир Мирзаев эндиликда тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги тартибларини маълум қилди.

Қашқадарёда 58300 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши кейинги 3 йилда 51,1 фоиздан 61,4 фоизга кўтарилди. 

Айни пайтда эса Шавкат Мирзиёевнинг саъйи-ҳаракатлари ва шахсий ташаббуслари билан мамлакатимизда тадбиркорликнинг қонуний асослари мустаҳкамланди. Хитой, Германия, Россия каби ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, ҳалқаро даражадаги консультантлар ва экспертларни жалб қилиш орқали соҳа ривожи учун қулай муҳит шаклланди. 

Жумладан: 

Тадбиркорлик фаолиятига рухсат бериш ва уларни рўйхатга олишда қоғозбозлик ва бюрократик жараёнлар сезиларли даражада қисқарди. 

Тадбиркорлик субъектларини текширмаслик бўйича 2 йиллик мораторий эълон қилиниб, барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан текширишларга қатъий барҳам берилди. 

Тижорат банклари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва манфаатларининг устуворлиги принципи жорий этилиб, кредитларни расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган жараёнлар бир мунча соддалашди. 

Бир сўз билан айтганда кейинги уч йилда қабул қилинган 50 дан ортиқ фармон ва қарорлар асосида мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Биз вилоятдаги барча маҳаллий бошқарув ва ижро органларининг тадбиркорлик соҳасига оид фаолиятини танқидий таҳлил қилган ҳолда, олиб бораётган ишларимиз талабга жавоб бермаслигига ишонч ҳосил қилдик ва Сиз азиз тадбиркорларнинг янада самаралироқ фаолият юритишларингиз учун тўсиқ бўлаётган қуйидаги муаммолар мавжудлигини: 

1. Тадбиркорлар учун ер ажратиш ва инфратузилма тармоқларига уланишда белгилаб берилган муддатларга риоя қилмаслик ёки асоссиз рад этиш; 

2. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, рухсат бериш, лицензиялаш ва мулкга эгалик ҳуқуқини белгилашда ваколатли органлар томонидан сансоларлик ва ортиқча қоғоз талаб қилиш ҳолатлари; 

3. Кредит ажратишда “ресурс йўқ”, “гаров таъминоти етарли эмас” каби асоссиз важларнинг ишлатилиши, кредит фоизларининг юқорилиги ҳамда гаровга қўйилаётган мулкларни нархлашда тадбиркор билан банк ўртасида келишмовчиликларнинг кўплаб мавжудлиги; 

4. Банклар томонидан кредит фоизини белгилашда тадбиркорлик йўналишидан келиб чиқиб, дифферинциал ёндошувнинг йўқлиги сабаб, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлигининг пастлиги; 

5. Тадбиркорларга тегишли бўлган хусусий мулкларнинг асоссиз олиб қўйиш, ободонлаштириш баҳонасида тадбиркорлар мулкини ноқонуний бузиш ёки кўчириш ҳолатларининг кўплаб учраётганлиги; 

6. Солиқ имтиёзларини қўллаш, фаолиятингизга асоссиз аралашиш ва ҳомийлик қилишга мажбурлаш ҳолатларига барҳам берилмаётганлиги; 

7. Маҳаллий хокимликларда малакали мутахасисларни етишмаслиги, солиқ, савдо-саноат палатаси, тижорат банклари, давлат активларини бошқариш ҳамда давлат хизматлари агентликлари, архитектура, кадастр ва шу каби тадбиркорлик фаолиятига алоқадор бўлган бошқа кўплаб идоралар ўртасида узаро боғлиқликнинг мувофиқлашмаганлиги сабабли, ҳудудлардаги минерал ресурслар, табиий бойликлар ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, ташаббускорлар ва инвесторларни йўналтириш, бу борада зарур ахборотларни тақдим қилиш тизими тўлақонли шаклланмаганлигини тан оламиз. 

Бунинг исботи сифатида, Қашқадарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ўз фаолиятини бошлаган қисқа 5 ой ичида, қабулхонага қилинган 1598 та мурожаатларда, 2116 та муаммолар қайд этилганлигини таъкидлашнинг ўзи етарли. 

Давлатимиз раҳбари “Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман” дея тадбиркорларни руҳлантириб турган бир пайтда, ҳудудий давлат ва хўжалик бошқарув органлари фаолиятида юқоридаги каби камчиликларга йўл қўйилаётганлигига қандай муроса қилиш мумкин. 

Лекин, ана шундай қийинчилик ва бюрократик ҳолатлар бўлишига қарамасдан ўзларининг ватанпарварлиги, тинимсиз ҳаракати туфайли самарали фаолият олиб бораётган тадбиркорларимиз бор ва қувонарлиси улар кўпайиб бормоқда. 

Масалан: Қарши туманидаги “Шарофиддин Нурулло” масъулияти чекланган жамияти (раҳбари Н.Номозов) аҳолига юк ва йўловчи ташиш хизматини йўлга қўйиб, 120 нафар фуқарони иш билан таъминлади ва давлатга йилига 400,0 млн.сўм солиқ тўламоқда. 

Нишон туманидаги “Нишон кўзгу” кўп тармоқли фермер хўжалиги эса (раҳбари Ш.Узоқов), 100 нафарга яқин фуқарони иш билан таъминлаб, йилига 1 миллион 200 минг доллар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини амалга оширган ҳолда, давлатга 120 млн.сўм солиқ тўламоқда. 

Худди шундай, пахта тўқимачилик кластери ташкил қилиб 250 нафар иш ўрни яратган Қарши шаҳридаги “Султон текс гроуп” хусусий корхонаси (раҳбари Н.Эргашев) ҳамда мева-сабзовот кластери ташкил қилаётган Яккабоғ туманидаги “Шарофат она Қаҳрамон қизи” масъулияти чекланган жамияти (раҳбари А.Нормуродов)ни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. 

Биз юқорида номлари келтирилган ва шулар қаторида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг фидокорона меҳнатларини юксак қадрлаймиз ва миннатдорчилик билдирамиз. 

Шунингдек, 2020 йилда кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини 67 фоизга етказиш мақсадида барча зарурий чоралар кўрилади. 

Хусусан, 9 мингдан зиёд юридик мақомдаги янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган       3 мингдан ортиқ субъектларни қўллаб-қувватлаш орқали фаолиятини тиклаш таъминланади. 

Бундан ташқари, келгуси йилда тадбиркорларимиз томонидан амалга оширилаётган, 1 трлн. 695 млрд сўмлик 312 та саноат, 1 трлн. 491 млрд. сўмлик 478 та хизмат кўрсатиш ва 1 трлн. 350 млрд.сўмлик 407 та қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги лойиҳаларини тўлиқ ишга туширилишида уларга елкадош бўламиз. 

Лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг ихтисослашувига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Китоб туманида анорчилик ва узумчилик, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида боғдорчилик, Чироқчи туманида полизчилик (тарвуз), Қамаши туманида куркачилик ва қуёнчилик, Деҳқонобод туманида доривор ўсимликларни (коврак) етиштириш ва қайта ишлаш кластерларини ташкил қилиш бўйича иш олиб борилмоқда. 

Қадрли тадбиркорлар, азиз ишбилармонлар! 

Бугундан бошлаб барча маҳаллий давлат идоралари фаолиятининг 

50 фоизи тадбиркорлик соҳаси муаммоларини ҳал қилишга қаратилади. 

Бунда: 

Вилоятнинг 4 та секторидан бошлаб, бошқарувнинг барча бўғинидаги раҳбарлар томонидан, ҳар бир лойиҳангизни амалга оширишда ҳудуднинг эртанги куни, аҳоли фаровонлиги, янги иш жойларининг кафолати нуқтаи назаридан ёндошув таъминланади. 

Тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи куч, иқтисодиётимизни таянч устуни эканлигини инобатга олиб ҳамда маҳаллий давлат идоралари фаолиятига баҳо бериш мақсадида “Вилоятда ҳамда шаҳар ва туманларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар жамоатчилик кенгашлари”нинг таркиби қайтадан кўриб чиқилади. 

Юқоридаги, салбий ҳолатлардан хулоса қилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш ва бюрократик ҳолатларга чек қўйиш мақсадида қуйидаги тизимни жорий қилишни режалаштирдик: 

Биринчидан, чет эл инвестицияси иштирокидаги ва хорижий корхоналар ташкил қилиш лойиҳалари вилоят ҳокимининг шахсий назоратида бўлади. 

Шунингдек, янги ташкил этилаётган ва фаолиятида муаммолари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг ҳар бир лойиҳасини амалга ошириш учун туман, шаҳар ҳокимлари шахсан масъул бўладилар

Бунда, Сиз ҳурматли тадбиркорларнинг муаммоларингиз ўз ечимини топмаган тақдирда вилоят ҳокимлигининг “qashqadaryo.uz” расмий сайтига, ва 75–221-01-28, 75-221-20-16 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин. 

Мурожаатингиз юзасидан, узоғи билан 3 кун муддатда вилоят ҳокими томонидан қабул қилинишингиз таъминланади. 

Иккинчидан, фаолият йўналишидан қатъий назар ҳар бир вилоят ташкилоти ва идора раҳбари “Тадбиркорга кўмакдош ва елкадош” тамойили асосида иш олиб боради ва мурожаатингиз бўйича кўпи билан      3 кун ичида Сизни қабул қилади. 

Учинчидан, ҳар бир тадбиркорнинг мулкий дахлсизлиги кафолатланади, унинг мулкини асоссиз бузиш, кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолларига йўл қўйилмайди. Бу борада вилоят прокуратураси томонидан қонун устуворлиги таъминланади. 

Тўртинчидан, тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашиш, ҳомийлик қилишга мажбурлаш, тадбиркорликка тааллуқли бўлмаган ҳар хил мажлисларга чақириш ҳолатларига барҳам берилади. 

Бешинчидан муаммоларингизни қисқа фурсатда бартараф этиш мақсадида, уч кун муддатда ҳар бир шаҳар ва туманнинг аҳоли гавжум бўлган камида 4 та жойида ҳоким ва сектор раҳбарларининг 24 соат ишлайдиган телефон рақамлари ёзиб қўйилади. 

Бундан кейин сектор раҳбарларининг фаолиятига нечта тадбиркор билан учрашгани, унинг масаласини ҳал қилгани бўйича мониторинг юритиш орқали баҳо берилади. 

Олтинчидан, ҳар бир туман, шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги минерал ресурслар, сув, тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳудудни тадбиркорликнинг муайян йўналишига ихтисослаштириштириш ягона концепцияси ишлаб чиқилиб, бир ҳафта муддатда кенг жамоатчилик олдида тақдимоти ўтказилади. 

Ҳурматли, вилоят ва туман раҳбарлари! 

Фаолиятингиз асосини тадбиркорликни ривожлантиришга қаратиш вақти келганлигини асло унутманг. 

Тадбиркорнинг мурожаатини тезкорлик билан, жойига чиққан ҳолда шу куннинг ўзида ҳал қилинг. 

Тадбиркорлар ва бизнес вакилларининг Сизга берган баҳоси фаолиятингиз кўзгусидир. 

Қадрли тадбиркорлар, ишбилармон ака-укалар, опа-сингиллар. 

Сиз ўз ҳаракатингиз, тадбиркорлигингиз ва ватанпарварлигингиз туфайли, ҳозиргача жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдингиз ва тажриба орттирдингиз. 

Сиздан ёш тадбиркорларга кўмаклашишингиз ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳамда соҳани ривожлантириш борасида таклифлар беришингизни, жойларда дуч келаётган муаммоларингиз ва сансалорлик ҳолатларининг ҳар қандай кўриниши тўғрисида юқорида келтирилган расмий WEB сайт ва телефон рақамлари орқали маълум қилишингизни сўраймиз. 

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар