1

Ўзбек фильмлари биринчи маротаба Осиё халқаро кинофестивали совринларига сазовор бўлди

МАДАНИЯТ 30.11.2019, 19:09
Ўзбек фильмлари биринчи маротаба Осиё халқаро кинофестивали совринларига сазовор бўлди

Ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар  биринчи маротаба DigiCon6 Asia Awards 2019 мукофотларини қўлга киритдилар.

Махлиё Aсқаралиеванинг “Совға” филми Гонконгда бўлиб ўтган «DigiCon6 Asia Awards 2019»нуфузли халқаро қисқа метражли фильмлар фестивалининг«Next Generation» мукофотига сазовор бўлди. Фильм 25 ёшгача бўлган осиёлик ёш режиссёрлар томонидан яратилган киноасарлар орасида биринчи ўринни эгаллади.

Шокир Холиқовнинг "Чой" филми бирданига фестивалнинг икки номинациясида ғолиб бўлди. Ушбу картина Осиё минтақасидаги давлатлар вакиллари тақдим этган ижод намуналари орасида энг яхши деб топилиб, Гран-Придан кейин иккинчи муҳим соврин ҳамда "Минтақавий олтин ғолиб" мукофотига лойиқ кўрилди. 

«DigiCon6 Asia Awards 2019»да биринчи маротаба иштирок этаётган ўзбекистонлик ёш киноижодкорларнинг фильмлари томошабинлар ва ҳакамлар қалбини забт этди.

«DigiCon6 Asia Awards 2019» халқаро қисқа метражли фильмлар фестивали Япониянинг машҳур TBS компанияси томонидан ўтказилади. 

- Президентимизнинг Японияга давлат ташрифи арафасида ёш киноижодкорларимиз бу улкан ғалабани қўлга киритгани ўзига хос рамзий маънога эга, - дейди " Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Aбдухолиқов. – Шокир Холиқовнинг "Чой" фильми бундан олдин Канн кинофестивалида “Гран-при”га муносиб кўрилган, энди эса, Гонконгда юксак мукофотларга сазовор бўлди. Ушбу фильм Япониянинг марказий телеканалида намойиш этилади. Бу айниқса, японияликларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини кегайтиришда жуда муҳимдир. 

Таъкидлаш жоизки, кинофестиваль Япония, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Тайвань, Таиланд ва Ўзбекистоннинг ёш истеъдодли киноижодкорларини бирлаштирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1