1

Таниқли қизиқчи Обид Асомов вафот этганига бир йил бўлди

МАДАНИЯТ 15.12.2019, 15:56
Теглар: Обид Асомов, қизиқчи
Таниқли қизиқчи Обид Асомов вафот этганига бир йил бўлди

Чиқишларидан бирида “Ўлим ҳақ. Барчамиз бир куни ўламиз” деб, “ўзи кам сонли қизиқчиларнинг янада камайиб бораётганидан” куйинган Обид Асомовнинг ўзи ҳам бугун бу дунёда йўқ. У ўтган йили 14 декабрда ўткир инфаркт туфайли оламдан ўтди. Ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида таниқли сўз устасини хотирлаб яхши хотиралар айтилди. ТВда Обид Асомов хотирасига бағишланган фильм ҳам намойиш этилган. Обид Асомов нафақат қизиқчи, талантли актёр ва моҳир рассом бўлган.  

Марҳум санъаткорнинг 2016 йил "Америка овози" нашрига берган интервьюсини кўрдим. Санъаткор "1996 йилдан бошлаб мавзулар чегаралана бошлаганидан" нолиган экан. Танқидсиз юмор бўлмаслигини гапирган. Ҳамма гап шунда. Маиший кулги ҳеч ким учун қизиқ эмас. Биз бунга "бачканалик" деб ном қўйганмиз. Азалдан юмор танқид қуроли бўлиб хизмат қилган. Ҳозир одамлар фақат бепарда ҳангомаларга кулади.  

Қизиқчиларнинг уятсиз ҳазиллари ҳам шундан "хамиртуруш" олади. Масхарабоз ёки девона образлари адабиётда ҳам айтиш мумкин бўлмаган гапларни айта олиш функциясини бажарган.

Асомовни дастлаб халққа машҳур қилган "Обид-А" театрида ҳақиқий юморни кўриш мумкин эди. Театр жамиятимизнинг турли муаммо ва қусурларини ҳажв қилар эди.  

Шундай миниатюралардан бирида Робинзон Крузо бизнинг замонимиз ва маконимизда пайдо бўлиб қолади. Робинзон – кулги ортидаги оғриқларни ифодалаш учун ўйлаб топилган ниқоб.

Обид Асомовнинг ҳазиллари кейинги йилларда анча маишийлашиб, саёзлашиб кетгани – бор гап. Аксар ҳазиллари уят пардасидан холи, эр ва хотин ўртасидаги кунда-шунда бўлиб турадиган воқеаларнинг қичитқи қўшилган кулгили талқинига айланиб қолганди. Аммо маҳорат ва талант сезилиб турарди.  

Лекин кузатиб билганим, ўзбек журналистикаси Обид Асомов шахсиятига кириб бора олмаган. Кўпчилик суҳбатлар, интервьюлар фақатгина ҳазил-ҳузул гаплардан иборат. Узоқ йиллар Обид Асомов ТВ саҳнасида кўринмай қолди, концерт бермади, турли миш-мишлар тарқалди. Кейинчалик Россия телевидениесидаги "Кривое зеркало" ҳажвий дастурида иштирок эта бошлади. Охирги икки йил ичида у яна ўзбек саҳнаси ва телеэкранларга қайтганди.

Обид Асомов ижтимоий тармоқлар орқали жамиятда бўлаётган воқеликларга муносабат билдириб турган. Уларнинг ичида, айниқса, “Наҳотки бизнинг ўзбек миллатимиз шу даражада оғзи шалоқ бўлиб кетди?” номли видеомурожаат шов-шувга сабаб бўлган.

Ўтган йили Обид Асомов узоқ танаффусдан сўнг “Халқлар дўстлиги” санъат саройида “Сизларни соғиндим” номли концерт дастурини тақдим этди. Концертдаги ҳазилларни кузатарканман, “Чойхонага аёллар боролмайди. У ер антисанитар жой, лекин биз эркакларга шу ёқади, дастурхоннинг йиртилмаган жойи йўқ, кўрпача шу қадар эски, 1917 йил бу кўрпачага Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўтирган”, “Сеулга бордим, вой-вуй, корейс жуда кўп экан-э”, “Ўзбек аёли умуман касал бўлмайди, “ўтиб кетади, ўтиб кетади” деб юраверади кайфи бор одамга ўхшаб” каби ҳазиллари жуда майда ҳазил бўлиб туюлмади.

Бундан кўп йиллар олдин берган бир концертида ўзининг ижодий биографиясини кичик юморда айтиб берган: “Болалигимда ўқитувчим уришарди “Асомов, гап сотма”, “Асомов, гап сотма” деб. Лекин мен унинг айтганини қилмадим, мана, 30 йилдан бери гап сотиб, пул олиб тирикчилик қилиб юрибман”. Сотган гапи эса ўзимизнинг юзимизга тутилган ойна эди.  Ана шу “гап сотиб” яшаган қизиқчининг оғриқлари бизни кулдиради.

Обид Асомов ўзининг латифалари, халқнинг тили ва дилига кўчган ҳазилларида яшайверади.

Хуршид Абдурашид.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1