Эронда генерал Қосим Сулаймонийни дафн этиш маросими вақтида юзага келган тиқилинчлар оқибатида 35 га яқин одам ҳалок бўлди ва 48 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Эрон давлат телевидениесига асосланиб Associated Press хабар берди.
Марҳум генералнинг она шаҳри Кирмондаги дафн маросимига миллионлаб кишилар ташриф буюрган.
«Афсуски, Кирмондаги дафн маросими иштирокчилари орасида тиқилинч ҳосил бўлиши оқибатида ҳалок бўлганлар, жабрланганлар борлиги маълум бўлди. Уларни тиббий марказларга олиб боришди», - дейди шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати раҳбари.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони бўлган генерал Қосим Сулаймоний 3 январь куни Ироқнинг Бағдод шаҳрида америкалик ҳарбийлар берган авиазарба натижасида ҳалок бўлганди. Ўтган кунлар мобайнида унинг жасади Аҳваз, Қум ва Теҳрон шаҳарлари бўйлаб айлантирилди ва бугун Эрон жануби-шарқида жойлашган Кирмон шаҳрига келтирилди.
Айни пайтда Эроннинг кўплаб шаҳарларида марҳум генерални хотирлаш маросимлари ўтказилмоқда, шу билан бир вақтда АҚШга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Сулаймонийнинг портретларини кўтариб кўчага чиққан намойишчилар «Америкага ўлим» ва «Исроилга ўлим» шиорларини ҳайқиришмоқда.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саломий Кирмондаги дафн маросими чоғида Сулаймонийнинг ўлимига жавоб сифатида «Қўшма штатларни севган барчага ўт қўйиш» билан таҳдид қилди.
Сешанба куни Эрон парламенти бир овоздан Америка армияси ва Пентагонни террорчи ташкилотларга тенглаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.
Эрон олий миллий хавфсизлик кенгаши Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун АҚШдан қасос олишнинг 13 хил вариантини тайёрламоқда.
АҚШ ҳукумати Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зарифга виза беришдан бош тортди. Вазир БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан 9 январь куни Нью-Йоркда ўтказиладиган йиғилишда иштирок этмоқчи эди.
Сулаймонийнинг қизи эса АҚШ ва Исроил учун «қора кунлар» келганини маълум қилмоқда..






