Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда парламентнинг юқори палатаси - Сенатнинг шаклланган янги таркиби тўғрисидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
“Қадрли юртдошлар,
Биз тарихий даврда яшамоқдамиз. Янгиланаётган Ўзбекистонимизда парламентнинг юқори палатаси - Сенатнинг янги таркиби шаклланди.”
У шунингдек Сенат аъзоларининг 25 фоизини аёллар ташкил этгани ҳамда Сенатнинг келгуси фаолияти ҳақида ҳам ўз фикрини билдирди:
“Сенат аъзолари таркиби юқори салоҳиятга, чуқур билимга ва катта хаётий тажрибага эга профессионал кадрлардан иборат. Энг қувонарлиси, уларнинг 25 фоизи хотин-қизларни ташкил этиши кўплаб ижтимоий соҳаларда тўпланиб қолган муаммолар ечимига ижобий таъсир қилиши, шубҳасиз.
Сенат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида мутлақо янги тизимни шакллантирамиз.
Жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш ва энг муҳими, унинг ижросини йўлга қўйишда парламент ва депутатлик назоратини таъминлаш - Сенатнинг устувор йўналишларидан бири бўлади.Мақсадимиз аниқ. Сенат аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали тизимини яратишга ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.”






