1

Тошкент вилоятида 54 ёшли ҳайдовчи одам уриб, қочиб кетди. Пиёда ҳалок бўлган

ЖАМИЯТ 23.01.2020, 09:13
Тошкент вилоятида 54 ёшли ҳайдовчи одам уриб, қочиб кетди. Пиёда ҳалок бўлган

Шу йил 20 январь куни, соат тахминан 19:20 лар атрофида Пискент тумани Ички ишлар бўлимига “Андижон-Охангарон-Гулистон” автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ҳақидаги хабар келиб тушади. Тезда воқеа жойига етиб борган ЙПХ инспекторлари у ерда шахси номаълум бўлган фуқаро жонсиз ҳолда ётганлигини, атрофда эса ҳеч ким йўқлигини кўришади. Ҳодисани содир этган ҳайдовчи жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан, бу ҳақда ички ишлар органларига хабар бермасдан, воқеа жойидан қочиб кетган эди.

Шундан сўнг вилоят ҳудудида номаълум ҳайдовчини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар бошлаб юборилди. ЙПХ инспекторлари воқеа жойини синчковлик билан кўздан кечира бошлашди. Мақсад номаълум транспорт воситасини аниқлашга ёрдам берувчи бирон бир ашёвий далилни топиш эди. Узоқ қидирувлардан сўнг тезкор ходимлардан бири ЙТХ содир бўлган жой яқинидан кичик пластмасса бўлагини топади. Шундан бошқа ҳеч нарса топилмайди.

Бу орада қолган ходимлар гувоҳларни топиш, ҳолат юзасидан маълумот йиғиш билан шуғуллана бошлашди. Топилган пластмасса бўлаги текширувдан ўтказилиб, у “Спарк” русумидаги транспорт воситасига тегишли эканлиги аниқланди. Энди асосий эътибор “Спарк” русумидаги автомобилларга қаратилиши лозим. Қидирув жараёнида марҳумнинг ҳам шахси аниқланди. У шу туманда яшаган 1965 йилда туғилган фуқаро А.Р. экан.

Олиб борилган тезкор суриштирув ва қидирув тадбирлари натижасида ниҳоят номаълум автомашина ва уни бошқарган шахс аниқланди. Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳа, жиноятга жазо муқаррар. Ундан эса ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Шу сабабли ҳаракат иштирокчиларидан “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий амал қилиш ва йўлларда ҳаракатланиш жараёнида ўта ҳушёр бўлишларини сўраб қоламиз, дейилади Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати хабарида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1