Президент Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳар томонлама мукаммал ва самарали бошқарув тизимини яратиш бўйича вазифаларга тўхталиб ўтди.
Мурожаатда, жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
-Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун Бош вазирдан бошлаб, барча ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари парламентга ҳисобот берадию, вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак?
Шунинг учун, вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинади, деди давлат раҳбари.
Унинг таъкидлашича, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган. Шундан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди. Бу эса иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилди.






