АсосийJamiyat

Навоийда нотўғри операция натижасида вафот этгани айтилаётган йигит юзасидан расмий маълумот берилди

'Навоийда нотўғри операция натижасида вафот этгани айтилаётган йигит юзасидан расмий маълумот берилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидан Ҳушандон Абдуллаеванинг ўз фарзанди Азамат Абдуллаевга шифокорлар тўғри ташхис қўя олмагани ва қилинган нотўғри операция натижасида вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

Мазкур —  шифокорларга нисбатан онанинг норозилиги акс этган видеохабар Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўрганилди.

Унга кўра, Кармана туман Юқори Буғ МФЙда истиқомат қилувчи, 1994 йилда туғилган бемор А. Абдуллаев 2019 йил 11 октябрь куни туман марказий шифохонаси юқумли касалликлар бўлимига “Ўткир респиратор инфекцияси, диспептик синдром” дастлабки ташхиси билан ётқизилган. Унга белгиланган даволаш диагностика стандартлари асосида даво муолажалари олиб борилган.

Аммо 13 октябрь куни беморда ичак тутилиши белгилари пайдо бўлганлиги учун жарроҳ мутахассислар маслаҳати ташкил этилиб, у кўрикдан ўтказилган ва “Чандиқ касаллиги, ўткир қисман чандиқли ичак тутилиши” ташхиси билан жарроҳлик бўлимига ўтказилган. Бўлимда беморга даволаш диагностика стандартлари асосида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ўтказилган текшириш ва мутахассислар хулосасига кўра, беморга “Чандиқ касаллиги, ўткир чандиқли ичак тутилиши, перитонит” ташхиси қўйилиб, шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказиш хулосасига келинган. 14 октябрь куни беморнинг ота-онаси ва ўзига касаллиги тўғрисида тўлиқ маълумот берилиб, жарроҳлик амалиёти тавсия этилган. Лекин беморнинг ўзи, отаси ва онаси томонидан “беморда бир неча марта мустақил ичи келганлиги сабабли яхши бўлиб қолар” деган фикрни айтиб, жарроҳлик амалиётига кескин қаршилигини билдирган ва тилхат ёзиб бериши сўралганда, тилхат ёзишдан бош тортган. Беморнинг ота-онаси ва ўзи томонидан жарроҳлик амалиётидан бош тортганлиги касаллик тарихида қайд этилган.

16 октябрь куни беморнинг аҳволи янада оғирлашгани боис туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими мудири Ш.Иргашев томонидан беморнинг ота-онаси ва қариндошлари чақирилиб, беморнинг аҳволи оғирлашгани кўрсатилган ва касаллик ўтказиб юборилгани, касалликнинг оғир асоратлари намоён бўлганлиги, килиниши лозим бўлган жарроҳлик амалиёти жуда кечикканлиги ва бунга ўзлари сабабчи булганлиги тушунтирилиб, шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказишга ёзма равишда розилиги олинган.

Шундан сўнги бемор шошилинч равишда жарроҳлик амалиётига олинган. Амалиёт вақтида ингичка ичак ва кўр ичак тўлиқ қорайиб некрозга учраганлиги (чириганлиги) аниқланди. Беморнинг чириган ичаклари тўлиқ олиб ташланган. Бемор ўта оғир аҳволда реанимация бўлимига ўтказилиб, барча шарт-шароитлар яратилиб, алоҳида палата ташкил этилган. Бемор барча керакли даволаш муолажаларини олган. Вилоят ихтисослаштирилган муассасаларининг малакали мутахассислари ва Самарқанд тиббиёт институтидан тиббиёт фанлари номзоди И.Шоназаров таклиф этилиб, маслаҳатлар олинган.

Кўрсатилган тезкор ёрдамларга қарамасдан беморда ўткир моддалар алмашинуви бузилиши сабабли 2020 йил 3 январь куни ўлим ҳолати қайд этилган. Мурда судга оид тиббий экспертизадан ўтказилган. Экспертизада ўт пуфагида ятроген шикастланиш аниқланмаган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси топшириғига асосан хизмат текшируви олиб борилмоқда. Текширув якуни бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати расмий хабарида.

    Бошқа янгиликлар