1

Чорвачилик учун давлат субсидия ажратади

ИҚТИСОДИЁТ 30.01.2020, 17:07
Теглар: чорвачилик, субсидия
Чорвачилик учун давлат субсидия ажратади

2020−2022 йилларда чорвачилик, балиқчилик ҳамда паррандачилик маҳсулотларини етиштириш ва импорт қилишга давлат томонидан субсидиялар ажратилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 январь куни чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Газета.уз хабар берди.

Ҳужжат асосида 2020−2022 йилларда қуйидагича субсидия берилади:

республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида;

хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга:

интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида;

«Паррандасаноат» уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия ажратилади.

2020 йилда сотиб олинадиган наслдор қорамоллар учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олиш учун 10 миллиард сўм миқдорида, хорижий давлатлардан импорт қилиш учун 40 миллиард сўм миқдорида, қўй ва эчкиларни импорт қилиш учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси 6 миллиард сўм миқдорида белгиланди.

Қарор билан Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашини тузиш белгиланди. Чорвачилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноати корхоналари ҳамда чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мазкур кенгашнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига чорвачилик соҳасини ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишларини ишлаб чиқиш учун мустақил консалтинг компанияларини ўрнатилган тартибда жалб қилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқиш ва 1 июлга қадар Ўзбекистон президенти Администрациясига кўриб чиқиш учун киритиш топширилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1