1

Ислом Каримов хотира альбомига қизларининг сурати киритилмади

ЖАМИЯТ 01.02.2020, 11:58
Ислом Каримов хотира альбомига қизларининг сурати киритилмади

Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов суратлари жамланмаси китоб-альбом шаклида чоп этилди. Жорий йилнинг 28 январь куни ушбу китоб-альбом тақдимоти ва фотосуратлар намойиши ўтказилди.

Мазкур китоб Биринчи Президентнинг шахсий фотографи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарҳод Қурбонбоев ва фоторассом Темур Қурбонбоевнинг суратлари асосида яратилган. Фотосуратлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Президентлик даврлари, давлат бошқарувидаги фаолияти ва шахсий ҳаётидан ҳикоя қилади. 

Ушбу суратда Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Акбаровна Каримова билан оилавий суратларини кўриш мумкин. Суратлар орасида набиралари – Гулнора Каримованинг ўғли Ислом ва қизи Имон, Лола Каримованинг қизи Марям билан суратлар бор. Бироқ, Ислом Каримовнинг оилавий суратлари жамланмасидан қизлари Гулнора ва Лола билан суратлари ўрин олмаган. 

Бунгача, яъни Ислом Каримов ҳаётлик даврида у ҳақида чоп этилган китоб-альбомлардан оилавий суратлар, жумладан қизлари Гулнора Каримова ва Лола Каримова-Тилляева, набиралари билан тушилган суратлар ҳам ўрин олганди. 

Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон эса айни вақтда Лондонда таҳсил олмоқда. Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республикаси жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош. 

Эслатиб ўтамиз, китоб-альбомга 300 дан ортиқ фотосуратлар киритилган бўлиб, суратлар “Тошкент фото уйи”да намойишга қўйилган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1