1

Боксчига уй, машина. Математикадан Халқаро олимпиада ғолибига замбаракнинг ўқими? Расмийлар жавоб берди

ЖАМИЯТ 04.02.2020, 08:50
Боксчига уй, машина. Математикадан Халқаро олимпиада ғолибига замбаракнинг ўқими? Расмийлар жавоб берди

Хабарингиз бор, кеча икки нафар ёш халқаро миқёсда эришган ўз ютуқлари билан Ўзбекистонга кириб келди. Бири бокс бўйича жаҳон рекордини янгилаган Муроджон Аҳмадалиев бўлиб, унинг келиши катта тантана билан қарши олинди ва президент совғаси сифатида унга Тошкент шаҳридан 3 хонали уй ҳамда автомашина топширилди. Иккинчи ғалаба, бухоролик 10-синф ўқувчиси Бегзод Нуриддиновга тегишли бўлиб, у Австралияда ўтказилган халқаро SEAMO олимпиадасида математикадан олтин медални қўлга киритди. Унинг ҳам кеча ватанига қайтиб келганига оид суратлар интернет тармоғида тарқалди. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Бизда илмнинг қадри борми? Математикадан халқаро олимпиада ғолибига замбаракнинг ўқими?” мазмунидаги танқидларни билдиришди. Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

Ўзбекистон Республикасида билимли болаларни муносиб тақдирлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4306-сонли қарори қилинган.

Мазкур қарор билан асосий халқаро олимпиадалар рўйхат тасдиқланган. Олимпиадининг ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари пул маблағи билан мукофотланадилар.

Шунингдек, Бухоро вилоятида вилоят ҳокими Ў.Барноев бошчилигида ёшларни иқтидори ва истеъдодини қўллаб-қувватлаш борасида барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Биргина, Бухоро вилоятида ўтказилган Мирзо Улуғбек номидаги математика фан олимпиадаси учун ғолиб ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари учун вилоят ҳокими томонидан 104 000 000 сўм пул маблағлари ва қиммат баҳо совғалар билан тақдирландилар.

Шуни таъкидлаш лозимки, дунёда тижорат олимпиадалари ҳам мавжуд. Уларда ўқувчилар тўлов маблағлари эвазига иштирок этадилар. SEAMO халқаро олимпиадаси шулардан бири.

Австралияда ўтказилган халқаро SEAMO олимпиадасида математикадан олтин медални қўлга киритган Қоракўл туманидаги Халқаро математика мактаби ўқувчиси Бегзод Нуриддиновни кутиб олинишига келсак, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида оила аъзоларидан ташқари, Халқаро математика мактаби директори, вилоят кенгаши депутати Темур Рўзиев Ражабович бошчилигида 6 нафар вилоят делегацияси, бундан ташқари, Халқаро математика мактабининг собиқ битирувчиларидан 18 нафари иштирок этди.

Ушбу жараён ижтимоий тармоқлардаги вилоят ҳокимлигининг расмий канали, вилоят халқ таълими бошқармаси ва Қоракўл туман ҳокимлигинг расмий каналлари, шунингдек, Халқ таълими вазирлигинг расмий каналлари ҳамда ОАВ орқали ёритилиб кенг жамоатчиликка намойиш этилди.

Айни пайтда, бухоролик ғолиб ўқувчи Нуриддинов Бекзод Тошкент шаҳрида: Жорий йилнинг 4 февраль куни Бухоро вилоятига етиб келишини муносиб кутиб олиш режалаштирилган.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1