1

Туркиянинг нуфузли университетларида бепул ўқиш дастури учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда

ЖАМИЯТ 05.02.2020, 21:16
Туркиянинг нуфузли университетларида бепул ўқиш дастури учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда

4 февраль куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда яъни Туркия олий таълим масканларида бепул таълим грантлари ҳақида сўз юритилиб, унда Хорижий турклар ва қардош жамоалар бошқармаси бошлиғи Аҳмад Атабаш раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Аҳмад Атабашнинг маълум қилишича, Туркиянинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида мутлақо бепул таълим олиш учун ҳужжатлар қабули 20 февралгача давом этади. Таълим грантлари бакалавриат, магистратура, докторантура каби академик даражалар учун бирдек қабул қилинади. Грант танланган йўналиш бўйича ўқув муддати, турк тилини ўрганиш ўқув курсини (1 йил) ва бошқа харажатларни ўз ичига олади.

Таъкидланишича, грант соҳиби бўлган ёшлар Туркиядаги энг нуфузли университетларда тўлиқ бепул олий таълим олиш имкониятини қўлга киритиши билан бир қаторда уларга бир марта бориш ва таҳсилни тугатгандан кейинги авиачипта, бир йиллик турк тили ўқув курси, таълим тўловлари, турар жой, ойлик стипендиялар, барча тиббий муассасаларда қабул қилинадиган умумий тиббий суғурта билан таъминланади.

Бакалавр йўналишига ҳужжат топширувчилар ўрта мактаб, академик лицей ёки коллеж битирувчиси бўлиши ва диплом ёки аттестатидаги баҳолар умумий кўрсаткичи 70 балл ва ундан юқори бўлиши зарур. Шундагина улар кейинги танлов босқичига чиқишади.

Ҳужжатлар https://www.turkiyeburslari.gov.tr/ веб-саҳифаси орқали онлайн қабул қилинади, талабгорлар ушбу сайтдан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топишлари мумкин.

Бу йилги грант дастурида 4 минг кишига грант ажратилган.

Дилфуза СОБИРОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1