АсосийJamiyat

Тошкентдаги нодавлат ўқув маркази мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилди

'Тошкентдаги нодавлат ўқув маркази мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилди'ning rasmi

Тошкентда фаолият юритаётган “BRITISH FOUNDATION TASHKENT” нодавлат таълим маркази мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда “darakchi.uz”га Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда,  “BRITISH FOUNDATION TASHKENT” нодавлат таълим маркази мансабдор шахсларининг кирдикорлари фош бўлди. Улар марказга ўқиш истагида мурожаат қилган фуқароларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, Буюк Британиянинг таълим стандартлари йўналиши бўйича 3 ойдан 9 ойгача сифатли таълим беришни ва келгусида Буюк Британиянинг нуфузли университетларидан бирида таҳсил олишларини ваъда берган. Марказнинг якуний имтиҳонларидан ўтолмаган ўқувчилар эса Тошкент шаҳридаги “Westminster” университети ёки Сингапур менежменти институтига ўқишга қабул қилинишига ишонтириб ёлғон ваъдалар беришган. Бунинг учун 30 нафар ўқувчининг ҳар биридан 7 000 АҚШ долларидан, жами 210 000 АҚШ долларини ўқув тўлови сифатида қўлга киритганликлари аниқланган. 

Шунингдек текширувда, марказ мансабдор шахслари ўқувчилардан олинган жами 82,7 млн. сўм пул маблағларини марказга кирим қилмаганликлари, марказга тегишли бўлган корпоратив пластик картага жуда кўп миқдордаги пулларни тушириб, ўзларига ортиқча иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, жами 674,6 млн. сўм миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан “BRITISH FOUNDATION TASHKENT”НТМ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар