1

Ёш ошпазлар халқаро олимпиадасида ўзбекистонлик ошпазлар кучли ўнликка кирди

ЖАМИЯТ 07.02.2020, 09:16
Ёш ошпазлар халқаро олимпиадасида ўзбекистонлик ошпазлар кучли ўнликка кирди

Ўзбекистон ошпазлар уюшмасидан хабар беришича, юртимизнинг ёш ошпазлари Ҳиндистонда ўтказилган “Ёш ошпазлар халқаро олимпиадаси-2020”да кучли ўнликдан муносиб ўрин олган.

Ҳар йили февраль ойининг биринчи ҳафтасида анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур танловда Италия, Франция, Ирландия, Индонезия каби 55 давлатдан вакиллар иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

– Уч босқичли танловнинг биринчи шартида бир ярим соатда товуқ гўштидан таом тайёрлаш ва уни таърифлаш керак эди, – дейди ёш ошпаз Аҳмаджон Ҳамдамов. – Ўзбек ва Европа таомларининг бирлашмасидан қатлама хамирдан фойдаланиб тайёрлаган янги турдаги таом ҳаммага маъқул бўлди. Иккинчи босқичда эса вегетарианларга мўлжалланган таом ва десерт тайёрладим. Шу тариқа сўнгги босқичга ўн давлатдан келган ошпазлар сараланиб қолди.

Қовоқдан тайёрланган манти ҳиндистонлик ҳайъат аъзоларини ҳайратига сазовор бўлди. Уй бекаларимиз тез-тез тайёрлайдиган бу таом улар учун жуда қийин ва мураккаб овқатлардан бири ҳисобланар экан. Ёноқдан тайёрланган десерт ҳам кўпчиликка манзур бўлди.

25 ёшгача бўлган ёш ошпазлар иштирок этган танловнинг сўнгги босқичда бир ярим соатлик муддатда тайёрланган таомга ном берилмас экан. Танловда адолатни таъминлаш ва эътирозларга ўрин қолдирмаслик учун ҳайъат аъзолари бу таомнинг қайси давлат вакиллари тайёрлаганини билиши шарт эмас, улар, мазасига қараб баҳо қўяр экан.

Мазкур танлов фақат овқатлар тайёрлаш билан чекланиб қолмайди. Балки, унда ёш ошпазлар бир-бири билан тажриба алмашиши, малака ошириши учун ҳам имконият мавжуд.

Қайд этиш керакки, олимпиада доирасида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси билан Ҳиндистон халқаро меҳмонхоналар менежмент университети ҳамкорлик меморандуми имзолади. Бу эса келгусида ҳинд ва ўзбек ёш ошпазлари ўзаро тажриба алмашишига имкон яратади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1