Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида экспертлар гуруҳи, журналист ва блогерлар жамоаси ташкил этилди. Уларга жорий йилги режалар ҳақида ҳисобот берилди. Шунингдек ҳамкорликда қилинадиган ишлар ҳақида маслаҳатлашиб олинди.
Қайд этилишича жорий йилда ОАВ билан ҳамкорликда кўпгина муҳим тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Хусусан жорий йилнинг 10 апрель санаси арафасида ўзбек романчилик мактаби асосчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 126 йиллиги муносабати билан адибнинг уй музейига, Абдулла Қодирий ижод мактабига, “Турон” кутубхонасига ва кутубхона биносидаги Абдулла Қодирий музейига медиа тур ташкил этилиши режалаштирилган.
Шу билан бир қаторда улуғ мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллиги, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия Исроилова таваллудининг 105 йиллиги, драматург Иззат Султоннинг 110 йиллиги, таниқли шоир Шавкат Раҳмоннинг 70 йиллиги муносабати билан хотира кечаларини ўтказиш белгиланган.
Шунингдек, йил давомида “Устозлардан ўрганамиз” ижодий кечаларини ташкил этиш, уюшма қошида фаолият юритаётган “Онажоним шеърият”, “Умид”, “Дилкўприк”, “Нигоҳ” тўгаракларида таниқли шоир ва ёзувчиларнинг маҳорат дарсларини ўтказиб бориш, наср, назм, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти ва адабий танқид йўналишларидаги анъанавий Зомин семинарини ўтказиш, “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 20 нафар ёш ижодкорнинг илк китобларини чоп этиш, “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан “Адиб ва жамият”, “Адабий дўстлик – абадий дўстлик”, “Танланган асарлар”, “Биринчи китобим” серияларида китоблар нашр этиш кўзда тутилган.






