Юнусобод тумани Ички ишлар бўлими инспекторлари маҳалла фаоллари кўмагида жанжаллашиб қолган опа-сингилларнинг тинч йўл билан келишиб олишига ёрдам берди.
Юнусобод тумани ИИБ қошидаги аёллар масалалари билан шуғулланувчи инспекция ходимлари маҳалла фаоллари билан биргаликда нотинч оилаларга кириб, зиддиятларнинг сабабларини ўрганишни йўлга қўйишган. Шу тариқа улар қайси оилага қандай ёрдам кераклигини аниқлашмоқда.
Жумладан яқинда аёллар масалалари бўйича иш олиб борувчи инспекторлар Йўлариқ маҳалласида икки туғишган опа-сингил Г ва К нинг бир оилада, бир хонадонда яшаб бир-бири билан гаплашмаётганини аниқлашди. Маълум бўлишича бу икки опа-сингил болалар сабабли бир-бири билан қаттиқ уришиб қолишган ва бир ярим йилдан буён ўзаро гаплашмай қўйишган.
Инспекторлар ва маҳалла фаоллари бу икки аёл билан суҳбат ўтказишди ва уларни бир-биридан кечирим сўрашга ундашди. Опа-сингил бир-бирини кечирди ва ярашиб олди. Улар "катта" иш қилган инспекторлар ва маҳалла аъзоларига раҳмат айтишди.






