Давлат хизматлари марказлари ҳозирда чекка ҳудуддаги маҳаллаларга ҳам бориб хизмат кўрсатмоқда. Улар томонидан 89 яшар онахон Айимхон ая Машариповага ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олиб берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум бўлишича 89 ёшга кирган Айимхон Машарипова шу пайтгача туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасиз яшаб келган. Бу йил умра сафарига тараддуд кўраётган эди ва ҳужжатларида камчилик бўлгани боис, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олишга тўғри келди.
Онахон Чортоқ туманининг Ҳазратишоҳ қишлоғида яшайди. Бу ҳудуд Наманган вилояти марказидан 70, туман марказидан эса 50 километр узоқликда жойлашган. Орада масофа олис бўлгани сабабли онахон ёрдам сўраб ариза билан мурожаат қилган.
Унинг Чортоқ тумани ФҲДЁ бўлимига бу борада қилган мурожаати дарҳол кўриб чиқилиб, давлат хизматлари марказининг сайёр фаолияти жараёнида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими билан ҳамкорликда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси яшаш жойига олиб келиб, тантанали равишда топширилди.






