Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда аҳолидан тушган бир қатор ҳуқуқий мавзудаги саволларга жавоб берилди.
Савол: Мени бир савол қийнамоқда. Бутун дунёда бўлаётган эпидемия сабаб ишчилар ишдан бўшатилмайди ёки ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилмайди деб баёнот берилган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлишига қарамай 1 апрелдан давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилган ФХДЁ ходимлари туман бўлимлари мудир ва 1 нафар инспекторидан ташқари бошқа ходимлар ўз хоҳишлари билан ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилмоқда. Айтингчи қонунчиликка кўра бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Карантин вақтида ҳам ФҲДЁ бўлимлари ўз фаолиятларини давом эттиришмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан 2020 йилнинг 25 мартидан бошлаб Адлия вазирлиги тизимидаги ФҲДЁ бўлимларида фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилади.
Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн ариза топширишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг“Коронавируспандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўракарантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига кўра идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилиши белгиланган.
Меҳнат қонунчилигига кўра, ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бу ерда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқиш учун ходим ҳам иш берувчи ҳам рози бўлиши керак, саволингизда ходим ўз хоҳиши билан чиққанлигини айтаяпсиз, бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ходим ўз хоҳиши билан иш ҳақи сақланмаган меҳнат таътилига чиқмоқчи бўлса, бунга иш берувчи рози бўлса бўлди. Буларнинг ҳаммаси қонуний.






