Президент Шавкат Мирзиёевга тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотга тайёргарликнинг бориши юзасидан ахборот берилди. Маълум қилинишича, тадбиркорлардан келиб тушган 6 мингга яқин мурожаатнинг 4,2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.
Мамлакатда анъанага айланган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ишбилармонларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларга амалий ечим топиш ҳамда бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган.
Бўлажак олтинчи очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида 15 майдан бошлаб 50 дан ортиқ вазирлик ва идора вакилларидан иборат республика штаби фаолият юритмоқда. Штаб кечаю кундуз ишламоқда.
Колл-марказ ва расмий ботлар орқали тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4,2 мингдан зиёди ижобий ҳал қилинган, қарийб 1,8 минг мурожаатни кўриб чиқиш эса давом этмоқда.
Шунингдек, масъул ташкилотлар томонидан 750 дан зиёд учрашув ўтказилган. Уларда 8,8 мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, 3,5 мингдан зиёд таклиф ва муаммоларни билдирган.
Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган 130 дан ортиқ учрашувда эса 5,7 мингдан зиёд тадбиркор қатнашган. Уларда қарийб 1,5 минг масала кўтарилган.
Республика бўйлаб 5 минг 72 нафар тадбиркор ўртасида ўтказилган сўровнома орқали корхоналар самарадорлиги, инвестиция ва инфратузилма, солиқ маъмурчилиги, ташқи савдо ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар ўрганилган.
Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг 93 фоизини маҳаллий хусусий корхоналар ташкил қилган. Унда савдо, хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари қамраб олинган.
Таҳлилларга кўра, корхоналарда меҳнат унумдорлигини ошириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича ҳали катта имкониятлар мавжуд. Рақамли платформалар, сунъий интеллект, энергия тежамкор технологиялар, янги маҳсулот ва ишлаб чиқариш усулларини жорий этган корхоналарда сотув, рақобатбардошлик, иш ҳақи ҳамда инвестиция кўрсаткичлари юқори бўлмоқда.
Бироқ камида учта самарадорлик чорасини жорий этган корхоналар улуши атиги 11,6 фоизни ташкил этган. Корхоналарнинг 28,5 фоизи эса бу борада ҳеч қандай чора кўрмаган.
Шунингдек, корхоналарнинг 51 фоизида сўнгги даврда янги маҳсулот ёки хизмат, инновация жорий этилмаган ва модернизация ишлари амалга оширилмаган. 40 фоиз корхона охирги бир йилда инвестиция киритмаган бўлса, 29 фоизида келгуси бир йил учун ҳам инвестиция режаси мавжуд эмас.
Тадбиркорлар кредит фоизларининг юқорилиги, гаровнинг паст баҳоланиши, ҳужжатларнинг кўплиги ва кредит расмийлаштириш муддатининг узоқлигини асосий тўсиқлар сифатида кўрсатган.
Сўров натижаларидан маълум бўлишича, корхоналарнинг 38 фоизи таннархни пасайтириш бўйича чора кўрмаган. 53 фоиз корхонада маҳсулот ва хизматлар таннархи ошган. Бунга асосан хомашё, энергия ва логистика харажатларининг ортиши сабаб бўлмоқда.
Энергия тежамкорлиги борасида ҳам камчиликлар бор. Хусусан, корхоналарнинг 43 фоизи энергияни тежаш бўйича чора кўрмаган, 49 фоизи эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланмайди.
Инфратузилма масаласи ҳам тадбиркорларни қийнаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Сўровда электр энергиясидаги узилишлар, кучланиш ва босимнинг пастлиги, лимит ҳамда тарифлар билан боғлиқ муаммолар қайд этилган.
Тадбиркорлар солиқ маъмурчилиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотларни ижобий баҳолаган. Шу билан бирга, текширувлар ва қўшилган қиймат солиғини қайтариш билан боғлиқ жараёнларда айрим муаммолар сақланиб қолаётгани айтилган.
Ташқи савдо билан сўровда қатнашган корхоналарнинг 22,3 фоизи шуғулланади. Хорижий мижоз топиш, маҳсулотни сертификатлаш, логистика, молиявий воситалар, божхона жараёнлари, бозор ҳақида маълумот ва маркетинг кўникмаларининг етишмаслиги экспортдаги асосий тўсиқлар сифатида кўрсатилган.
Суд-ҳуқуқ соҳасида малакали юридик ёрдам олиш имконияти ва давлат харидларининг шаффофлиги ижобий баҳоланган. Бироқ тадбиркорларнинг 73 фоизи мажбурий ижродаги бюрократик жараёнлар бизнес фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётганини билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев келиб тушган мурожаатлар ва сўровнома натижаларини ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида чуқур таҳлил қилиш, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларга аниқ ечимлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаган.
Масъулларга корхоналар самарадорлигини ошириш, инновация ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, кредит ва инфратузилма масалаларини ҳал қилиш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилган.
Очиқ мулоқотда кўтариладиган ҳар бир масала бўйича аниқ ечим, уни амалга ошириш механизми, масъуллар ва муддатларни белгилаш вазифаси қўйилган.






