Муфтий Усмонхон Алимов: Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

ЖАМИЯТ 23.05.2020, 23:52
Муфтий Усмонхон Алимов: Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити байрами билан табриклади. Табрик матни ЎМИ сайтида эълон қилинди. 

"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан Сизларни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этамиз.

Ҳақ таборака ва таолодан қутлуғ ойда тутган рўзаларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул ва дуоларимиз мустажоб бўлишини сўраймиз.

Мана шундай файзли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Фазилатли кунларда Қодир Аллоҳдан халқимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака ва турли бало-офатлардан Ўзи ҳимоя қилишини тилаб дуолар қиламиз.

Рамазон ҳайитини дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган Эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган ажойиб фурсатдир.

Алҳамдулиллаҳ, Рамазони шариф рўзасини тутиш барчамизга насиб этди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар, файзли оқшомларда ифторлик қилиб, уйларида таровеҳ намозларини адо этдилар.

Шу йилнинг 20 апрель куни қабул қилинган муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида меҳр-саховат тадбирлари оширилиши, Қуръони карим хатмлари онлайн узатилиши элимизни чексиз хурсанд қилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан “САХОВАТ ВА КЎМАК” умумхалқ ҳаракатининг эълон қилиниши ушбу муборак ойнинг мақсад-моҳиятига айни мувофиқ келадиган улкан савобли иш бўлди.

Меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазонда мўмин-мусулмонлар ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, беморлар, муҳтожларнинг кўнгли олинди. Молиявий ибодат ҳисобланган закотлар адо этилди, фитр садақаси ва фидялар берилди.

Эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир имом-хатиб томонидан олийҳиммат инсонлар билан биргаликда кўмакка муҳтож оилаларга моддий-маънавий ёрдам қилинди.

Барча юртдошларимиз муборак Рамазон ойида бошланган саховат ва кўмак тадбирларини бундан кейин ҳам фаол давом эттиришлари, ўзларининг кундалик вазифалари қилиб олишлари дини мубинимиз ғояларига мувофиқ иш бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, яхшиликларга шошилинг”, деб марҳамат қилади.

Кўнгилларга хурсандчилик олиб кирадиган ишлардан яна бири – диёримизнинг ҳар бир ҳудудида хушовоз қориларининг хатми Қуръонлар ўқишлари бўлди. Юртимиз аҳли ижтимоий тармоқлар орқали Илоҳий каломни тўғридан-тўғри тингладилар. Бундай ташаббусдан миннатдор эканларини изҳор этдилар. Шубҳасиз, юртимиз узра Илоҳий калом янграши баробарида Яратган Парвардигорнинг раҳмати ҳам ёғилиб турди", дейилади табрикда.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари айни пайтдаги карантин шароитида Рамазон ҳайитини қандай ўтказиш кераклигига ҳам тўхталиб ўтган:

"Азизлар, бу йил Рамазон ҳайитини карантин мезонларидан келиб чиқиб, уйларимизда, оиламиз бағрида ўтказамиз. Бу ҳам аслида биз учун бир имконият. Негаки, аввало, ота-оналаримизнинг даврасида бўлиб, уларнинг панду насиҳатларига қулоқ соламиз, фарзанду аржумандларимизга эса байрам шукуҳини тушунтирамиз.

Ҳайит кунлари оила бағрида ҳам байрам кайфиятини нишонлаш мумкин. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш лозим. Иложи бўлса, аҳли оилаларга совға ва ҳадялар улашилса, янада савобли. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож инсонларга ҳам берилса, нур устига нур бўлади.

Бугун барчамиз жоме масжидларни тўлдириб, жамоат бўлиб намоз ўқишни жуда соғиндик, илҳақлик билан кутмоқдамиз. Яна бир оз сабр қилсак, ушбу касаллик хавфи камайса, яна жоме масжидлар эшиклари мўмин-мусулмонларимизга очилади, биргаликда файзли ибодатларимизни давом қиламиз, инша Аллоҳ.

Қайд этилганидек, Рамазон ҳайити – Ийдул Фитр байрами буюк байрам, ҳақиқий тантана, қувончли воқеадир. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолонинг ибодатини адо этиш чинакам шодиёна, улуғ саодатдир.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она-Ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин.

Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!" 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1