Тошкент шаҳрида ҳайдовчини ҳақорат қилган Йўл-патруль хизмати инспектори лавозимидан четлатилди. Ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 8 ноябрь куни соат 20:20 ларда пойтахтнинг Шаҳрисабз кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи "Тўғрига ҳаракатланиш" йўл белгиси талабига амал қилмасдан, чапга бурилгани сабабли ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган.
Ҳайдовчи ва инспектор ўртасидаги мулоқот давомида тортишув келиб чиққан. Шу вақтда иккинчи сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори, кичик сержант Раҳимов ички ишлар органлари ходимлари риоя қилиши шарт бўлган одоб-ахлоқ қоидаларини бузиб, фуқарони ҳақорат қилган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан хизмат текшируви тайинланган. Текширув давомида кичик сержант Раҳимов эгаллаб турган лавозимидан четлатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ЙПХ ходими кузатиб борган "Captiva" иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, ушбу ҳолат юзасидан инспекторга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани хабар қилинганди.






