АсосийЖАМИЯТ

Ким қанча нафақа ёки моддий ёрдам олади?

2020 йил 18 майда қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик суб...

'Ким қанча нафақа ёки моддий ёрдам олади?'ning rasmi

2020 йил 18 майда қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги (ПФ-5996-сон) Президент Фармонига кўра, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилиши ҳақида хабар берган эдик...

Бу бежиз эмас. Чунки бу турдаги нафақаларнинг талабгорлари аҳоли орасида етарлича. Аммо иқтисодий имкониятлар сабаб уларнинг барчаси учун бир вақтда бу турдаги нафақаларни тайинлаш ва тўлаш имконсиз бўлиб келган. Давлат раҳбарининг мазкур фармони эса айни шу масалага ечим бўла олади. Хўш, аслида бу турдаги нафақаларга кимлар талабгор бўла олади ва уларнинг бугунги кундаги миқдорлари қанча? Ушбу саҳифада Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Баҳодир ҚУРБОНБОЕВ ана шу каби саволларга жавоб беради.

                                                           ҚАНЧА МУДДАТГА ТАЙИНЛАНАДИ?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ва бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақалар тайинланади.

Мазкур Низомнинг 3-бандига кўра, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади. Бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан ке­йинги ойга ўтмаслиги керак.

Агар туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган икки ва ундан ортиқ болалар парвариш қилинса, у ҳолда бола парвариши бўйича нафақа кичик бола икки ёшга тўлгунга қадар бир баравар миқдорда тўланади.

                                          ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАР ҚАЙСИ ТУРИНИ ОЛИШИ МУМКИН?

— Низомнинг 6-бандига мувофиқ, фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд, деб эътироф этилган оила нафақанинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, бола парвариши бўйича нафақани келгусида ҳам олишга муҳтожлиги бўлган тақдирда уни олган шахс тўловларнинг аввалги ўн икки ойлик муддати тугашидан бир ой олдин, бола икки ёшга тўлгунга қадар ушбу нафақани узлуксиз тўланишини давом эттириш масаласини ҳал этиш учун белгиланган тартибда фуқаролар йиғинига такроран мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Низомнинг 13-бандига кўра, аризага қуйидагилар илова қилинади:

► Ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйи­ча оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;

► болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларнинг нусхалари;

► асосан яшаб турган жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун доимий яшаш (доимий “прописка”) жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;

► агар болалар васийликка олинган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.

Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

                                                 БИР МАРТАЛИК МОДДИЙ ЁРДАМ МИҚДОРЛАРИ

   — Президентимизнинг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сонли қарори билан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари тасдиқланган. Унга кўра, ижтимоий нафақалар миқдори қуйидагича белгиланган:

Т/PНафақа ва моддий ёрдам турлариМиқдор (сўм)
114 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа. Шундан: 
 Битта болали оилаларга 131 000
 Иккита болали оилаларга217 000
 Учта ва ундан ортиқ болали оилаларга304 000
2Бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа434 000
3Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам326 000 дан 653 000 гача
4Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам434 000 дан 
1 085 000 гача

Юқоридагиларга кўра, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақаларни олиш учун кам таъминланган оилалар рўйхатида туриш белгиланмаганлиги маълум қилинади.

Уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахсларга бериладиган имтиёзлар ҳақида ҳам таҳририятимизга кўплаб мурожаатлар бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, бу борадаги катта авлод вакилларини қизиқтирган қатор саволларга мутахассисдан жавоб олдик...

                                         "ТРАНСПОРТЛАРДАН БЕПУЛ ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА"

— “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасида шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговор ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар бепул фойдаланиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 октябрдаги 223-сон қарори билан тақсдиқланган Автомобиль бензини сотиб олиш харажатларининг бир қисми учун шахсларнинг айрим тоифаларига ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандига кўра, автомобиль бензини сотиб олишга харажатларнинг бир қисми учун ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқига уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган ҳамда уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар эга.

Низомнинг 4-бандида ойлик пул компенсацияси тўлови уни олиш ҳуқуқига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, енгил автомобиль, мотоаравача ёки мотоциклга эга бўлган ва улардан фойдаланадиган шахсларга тайинланиши, 5-бандида эса автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи ишончнома бўйича бошқа шахсга берилганда ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқи йўқолиши кўрсатилган.

Бунда ойлик пул компенсацияси тўловини тайинлаш учун бунга ҳуқуқи бўлган шахс пенсиялар ва нафақаларни тайинлайдиган органларга (Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси органлари) ­мурожаат қилинади.

                              "ДОРИ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ИМТИЁЗЛИ ТАЪМИНЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА"

— Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси коммунал уй-жой фонди тўғрисидаги низом билан тасдиқланган жон бошига ўртача ойлик даромади энг кам иш ҳақидан паст бўлган тақдирда ижарага олиш шартномаси бўйича коммунал уй-жой фондидан турар-жой бериладиган фуқаролар тоифаларининг рўйхатида улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва байналмилалчи жангчилар кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сон қарорига асосан Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан байналмилалчи жангчилар имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга.

Ҳукуматнинг мазкур қарори билан тасдиқланган Амбулаторияда даволанишда шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандига асосан, беморларга дори воситаларини имтиёзли бериш беморлар амбулатория тартибида даволанадиган амбулатория-поликлиника муассасасида даволовчи врачларнинг тайинлаши бўйича бепул берилади.

                                                    "ДАРОМАД ВА ЕР СОЛИҒИДАН ОЗОД ҚИЛИНАДИ"

— Шунингдек, Солиқ кодексининг 280-моддасида уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар қисман даромад (даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) солиғидан озод қилиниши кўрсатилган.

Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар Солиқ кодексининг 421-моддасига асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва 436-моддасига кўра эса ер солиғидан озод қилинади.

Мазкур имтиёзлар уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаси асосида берилади.

                                                                  "ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШДАН ОЗОД"

— Шу билан бирга, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини ўтаган шахслар, агар улар вафот этган бўлса, уларнинг оила аъзолари имтиёзлар берилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаш билан боғлиқ нотариал ҳаракатлар учун давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланган.

Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларида Улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган ногирон байналмилалчиларни ҳар ойда бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш назарда тутилмаган. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги 237-сон қарори билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, ҳар ойда қуйидаги миқдорда маҳсулотлар бепул берилади:

Т/P

Товарларнинг номи

(маҳаллий ёки импорт қилинган)

Ўлчов бирлигиБир ойда 1 кишига бериладиган норма
1Ун (олий нав)кг.3
2Гуруч кг.1
3Гречка ёрмасикг.0,5
4Макарон маҳсулотикг.0,5
5Мол гўшти (суяксиз)кг.1
6Хонаки парранда гўштикг.1
7Сариёғ кг.0,2
8Тухум (дона)дона15
9Қанд-шакаркг.1
10Кунгабоқар ёғил.1
11Кўк ёки қора чойкг.0,2
12Атир совун кг.0,1
13Кир совун (65 фоиз)кг.0,2
14Кир ювиш порошогикг.0,15
15Катта ёшдагилар учун таглик газмолдона8

                                        БЕПУЛ БЕРИЛАДИГАН ТОВАРЛАР РЎЙХАТИ ЯНГИЛАНДИ

2020 йил 20 майда ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди (307-сон). 

Нафақалар ва моддий ёрдам олиш учун оила таркибига қуйидагилар киритилмайди:

► Болаларнинг улар билан биргаликда яшайдиган боболари ва бувилари;

► Болаларнинг ота-оналари (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар.

Шунингдек, шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинадиган норматив даромад ушбу хўжаликни юритиш учун фойдаланиладиган сотихлар сонини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,035 миқдорига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Илгари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,071 миқдорига кўпайтириб аниқланган. Бундан ташқари, Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати янгиланди. 

Рўйхатга карантин тадбирлари амал қилиш даврида қўшимча равишда бепул бериладиган қуйидаги маҳсулотлар қўшилди:

Бир марта ишлатиладиган стерил ниқоб; 

► бир марта ишлатиладиган стерил қўлқоплар;

► cуюқ ёки гель ҳолатидаги антисептик;   

► антибактериал совун.

                                                                                                                       Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар