АсосийJamiyat

Қандай ҳолатларда суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкин?

'Қандай ҳолатларда суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкин?'ning rasmi

Ҳар қандай давлатнинг обрў-эътибори ва нуфузи шу мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш эса суд органлари билан боғлиқ. Мамлакатимизда босқичма-босқич олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг туб моҳияти, аввало, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга, унинг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини оширишга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда қонунийликни таъминлашга қаратилганлиги билан ғоятда қимматли...

Табиийки, фуқаро суд даргоҳига адолат топиш илинжида келади. Инсонпарварлик, қонунийлик, адолатлилик ва демократик тамойиллар асосида ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши фуқарода мустақил суд ҳокимиятига нисбатан бўлган ишончни кескин оширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийлиги назарда тутилган. Суд ҳужжатларининг буйруқ тарзидаги ўзига хос табиати уларнинг шакл ва мазмунига алоҳида қатъий талабларни қўяди. Шу сабабли суд ҳужжатларини тўғри тушуниш ва аниқ ижросини таъминлаш учун судлар томонидан чиқарилаётган суд ҳужжатини амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш, процессуал норма ва қоидаларга риоя қилиш ўта муҳим саналади.

Шуҳрат КАМОЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари:

— Судлар зиммасига юклатилган одил судловни амалга ошириш ваколати судлар томонидан чиқариладиган суд ҳужжатларида намоён бўлади. Одил судловни таъминлаш кафолати саналган ушбу қонун нормаси амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 478-моддасида аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу моддага мувофиқ, суд ҳукми, ажрими ва қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва назорат тартибида текширилиши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан мазмунан кўриб чиқилган ишлар юзасидан чиқарилган ҳукм, ажрим ва қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 55-бобида назарда тутилган бўлиб, унга кўра ишни юқори инстанция суди томонидан кўриш:

апелляция тартибида - маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакилининг суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукми устидан; фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва улар вакилларининг ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан; оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилининг ҳукмнинг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан ҳамда ишда тараф бўлмаган шахсларнинг суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан берган шикоятлари, прокурор ва унинг ўринбосарининг протестига биноан ;

кассация тартибида – суднинг қонуний кучга кирган ҳукми устидан маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакилининг; фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва улар вакилларининг ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан; оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилининг ҳукмнинг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан ҳамда ишда тараф бўлмаган шахсларнинг суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан берган шикоятларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларнинг кассация тартибида келтирган протестларига биноан; 

назорат тартибида - Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари протестларига биноан, янги очилган ҳолатлар муносабати билан эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари протести, шунингдек юқорида назарда тутилган шахсларнинг шикоятлари бўйича амалга оширилади.

Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди қуйи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари қанчалик тўғри аниқланганлигини, жиноят ва жиноят-процессуал қонуни нормалари қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.

Юқори инстанция суди, агар чиқарилган суд қарори моддий ва процессуал қонун талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, уни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим, қарор қабул қилади. Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганида юқори инстанция суди ЖПК 533-моддаси биринчи қисми 3-бандида кўрсатилган асос мавжуд бўлганда – ҳукмнинг ижросини кечиктиришга ҳамда амнистия актини қўллашга ҳақли. 

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 484-моддасида ҳукм бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, унга мувофиқ:

1) суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги;

2) ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;

3) ушбу Кодекс нормаларининг жиддий бузилганлиги;

4) Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги;

5) жазонинг адолатсизлиги суд қарорларининг апелляция, кассация ёхуд назорат тартибида бекор қилинишига ёки ўзгартирилишига асос бўлади.

Суд жиноят ишини апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиб:

- биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга; 

- биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини бекор қилишга ва оқлов ҳукми чиқаришга; 

- биринчи инстанция судининг оқлов ҳукмини бекор қилишга ва айблов ҳукми чиқаришга; 

- биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини бекор қилишга ва ишни тугатишга; 

- биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартиришга, шу жумладан айблов ҳажмини, жиноятнинг тавсифланишини ўзгартиришга, жазони енгиллаштиришга ёки кучайтиришга, шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 521-моддасига мувофиқ, назорат инстанцияси суди ишни назорат тартибида кўриб чиқиб ўзининг ажрими, қарори билан :

- ҳукмни, ажримни, қарорни ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга; 

- ажримни, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш учун юборишга; 

- ҳукмни, ажримни, қарорни бекор қилишга ва ишни тугатишга; 

- ҳукмни, ажримни, қарорни ўзгартиришга ҳақлидир.

Қонун талабига кўра, назорат инстанцияси суди жиноят ишини назорат тартибида кўриб қисман суд тергови ўтказиш йўли билан камчиликларни тўлдириш ёки аниқланган камчиликларни ёхуд процессуал қоидабузарликларни бартараф этиш имконияти бўлмаган тақдирда, апелляция ёки кассация ажримини, шунингдек кейинчалик суд ажримлари, қарорлари чиқарилган бўлса, уларни ҳам бекор қилган ҳолда ишни янгитдан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқишга ўтказиши мумкин. 

Апелляция, кассация инстанцияси судлари эса тўлиқ ёки қисман суд тергови ўтказишга, ҳукмни бекор қилишга ва янги ҳукм чиқаришга ёхуд ҳукмга ўзгартиришлар киритишга ҳақлидир. 

Назорат инстанцияси суди, агар биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанциялари суди томонидан йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш ва процессуал қоидабузарликларни бартараф этиш имконияти бўлса, қисман суд тергови ўтказиш ва ҳукмга ўзгартишлар киритишга ваколатлидир. 

Юқори инстанция суди асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга, унга жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилашга, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтиришга, шу билан биргаликда ҳукмнинг айрим маҳкумларга қўйилган айблов қисмини ёки фуқаровий даъво қисмини бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақлидир. 

Ишни апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўриб чиқиш чоғида Жиноят кодекси нотўғри қўлланилганлиги ёхуд жиноятнинг оғирлик даражасига ва маҳкумнинг шахсига мувофиқ келмайдиган жазо белгиланганлиги ҳақида хулосага келинса, суд ишни янгидан кўриб чиқишга юбормасдан Жиноят-процессуал кодекси 494-моддаси талабларига риоя этган ҳолда ҳукмга, ажримга, қарорга зарур ўзгартиришлар киритиши мумкин. 

Қонунда ишни апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўриб чиқиш жараёнида Жиноят процессуал кодекси 83-моддаси ва 
84-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган асослар мавжудлиги аниқланган тақдирда, шунингдек биринчи инстанция судида кўриб чиқилган далиллар судланувчини айбли деб топиш учун етарли бўлмай қўшимча далиллар тўплаш имконияти қолмаган бўлса, айблов ҳукми бекор қилиниб, жиноят иши тугатилиши назарда тутилган. 

Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзғатилган ҳолларда, суд қарорлари, гарчи уларда маҳкум жазодан озод қилинган бўлса ҳам, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак.

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январдаги №ЎРҚ-463-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, апелляция ва кассация инстанцияси судларининг ишни кўриб чиқиш чоғида жазони кучайтиришга, худди шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга фақатгина ана шу асослар бўйича жабрланувчи томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳолларда ҳақлилиги белгиланди. 

Айни вақтда, суд жиноят ишини назорат тартибида қўриб чиқиш чоғида жазони кучайтиришга, худди шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга ҳақли эмас. 

Оқлов ҳукми юқори суд томонидан фақат прокурорнинг апелляция ёки кассация протести, жабрланувчининг ёки унинг вакилининг шикояти ёхуд оқланган шахснинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг апелляция ёки кассация шикояти, шунингдек жабрланувчининг ёхуд унинг вакилининг, оқланган шахснинг шикояти ёки назорат тартибида берилган протест бўйича бекор қилиниши мумкин. 

Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 25-бандида берилган раҳбарий тушунтиришларга мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмни ўзгартириш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

  • қилмишни ЖК бошқа моддасига (бир неча моддаларига) қайта квалификация қилишга;
  • ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;
  • айбловнинг биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган бир қисмини (айрим эпизодларини) айбловга қўшишга;
  • ҳукмдан жиноятларнинг идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган ЖК моддасини чиқаришга;
  • ЖК 70-72-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда - маҳкумни жазодан озод қилишга;
  • жазо миқдорини ўзгартириб, ЖК Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида енгилроқ ёки оғирроқ жазо (асосий ва қўшимча) тайинлашга ёхуд ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда бошқа жазо тайинлашга;
  • ЖК 59 ёки 60-моддасини қўллаб, жазо миқдорини ўзгартиришга;
  • жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек ушбу масала биринчи инстанция суди томонидан ҳал этилмаган ҳолларда - бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга;
  • маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;
  • маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан қаттиқроқ турини белгилашга.
  • Апелляция, кассация инстанцияси суди агар ишни кўриш вақтида судланувчи томонидан айб эълон қилинмаган бошқа жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ЖПК 416-моддаси биринчи қисми қоидаларига мувофиқ;
  • жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ЖПК 417-моддаси биринчи қисми қоидаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Назорат инстанцияси суди эса, ЖПК 494-моддасига мувофиқ оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш ёки жазони кучайтиришга зарурат бўлганида, апелляция ёки кассация инстанцияси ажримини бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юборишга фақат шу асослар бўйича жабрланувчи томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳолда ҳақли. 

Олий суд Пленумининг 2015 йил 18 сентябрдаги “Судланганлик ҳолати тугалланиши ва олиб ташланишига оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 2-бандида, жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилган (ЖКнинг 70, 71,76-моддалари) ёхуд шахс бир вақтнинг ўзида асосий ва қўшимча жазодан биринчи, апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан озод қилинган (ЖКнинг 69,75,76-моддалари) бўлса, шахс судланмаган ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилган.

Шу ўринда суд амалиётидан мисол келтирадиган бўлсак, биринчи босқич судининг 2019 йил 11 февралдаги ҳукмига кўра, А.Маматов (исм- фамилиялар ўзгартирилди) Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан Жиноят кодексининг 841-моддасига асосан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазосига судланган.

Иш ҳужжатларига қараганда, А.Маматов муқаддам жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг 2018 йил 11 декабрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари билан айбли топилиб, Жиноят кодексининг 71-моддасига асосан жазодан озод қилинган.

Бироқ, суд томонидан қонуннинг юқоридаги талаблари ҳамда Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларига риоя этилмаган. А.Маматов муқаддам суд ҳукми билан жазодан озод қилинган (судланмаган) бўлса-да, мазкур жиноят иши бўйича у Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг 
“а” банди (хавфли рецидивист) билан айбли топилиб, хатога йўл қўйилган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 18 июндаги ажрими билан ҳукмнинг вояга етмаган А.Маматовга оид қисми ўзгартирилди. Унинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандидан, Жиноят кодекси 
169-моддаси 2-қисмининг “в” бандига қайта малакаланди. А.Маматовга Жиноят кодексининг 841-моддасига асосланган ҳолда санкция доирасида озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят қонунчилиги меъёрларида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, шунингдек жазони енгилроқ жазо билан алмаштириш мезонлари мавжуд. Жиноят кодексининг 73-моддаси 
3-қисмининг “а” бандида, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш маҳкум унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкинлиги қайд этилган. Ёки Жиноят кодексининг 74-моддаси 6-қисмида, жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахслар енгилроқ жазонинг тегишли қисмини ўтаб бўлганларидан кейин Жиноят кодексининг 73-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинишлари мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2016 йил 27 декабрдаги “Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 6-бандида, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш институти Жиноят кодексининг 74-моддасига мувофиқ жазоси енгилроқ жазо тури билан алмаштирилган шахсларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкинлиги, бунда маҳкум томонидан енгилроқ жазонинг Жиноят кодексининг 73-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга биноан, мазкур жазо ижроси бошланган кундан ҳисобланадиган муайян муддати амалда ўтаганидан сўнг у жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиниши мумкинлиги ҳақида судларга раҳбарий тушунтириш берилган. 

Биринчи босқич судининг 2019 йил 17 майдаги ажримига кўра, туман ИИО пробация гуруҳининг тақдимномаси қаноатлантирилган. Маҳкум Ф.Каримов ўталмай қолган 1 йил 11 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. 

Бироқ, иш бўйича қайд этилган қонун ва Олий суд Пленуми қарори талаблари бузилган. Иш ҳужжатларига қараганда, Ф.Каримов туман судининг 2018 йил 9 апрелдаги ҳукми билан Жиноят кодекси 169-моддаси 
2-қисмининг “б,в,г” бандлари билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига судланган.

Суднинг 2018 йил 16 октябрдаги ажримига кўра, Жиноят кодексининг 481-моддаси 6-қисми тартибида Ф.Каримовга ўталмаган 2 йил 6 ой 9 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган. 

Суднинг 2019 йил 4 апрелдаги ажрими билан маҳкум Ф.Каримовнинг ўталмай қолган 2 йил 2 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Биринчи босқич суди маҳкум Ф.Каримовни Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилишда мазкур жазонинг амалда учдан бир қисмини ўтамаганлигини эътибордан четда қолдириб, хатоликка йўл қўйган. Судлов ҳайъати туман судининг 2019 йил 17 майдаги Ф.Каримовга нисбатан чиқарилган ушбу ажримини бекор қилиб, туман ИИО пробация гуруҳининг тақдимномасини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Хулоса қилиб айтганда, жаҳон суд-ҳуқуқ соҳасида энг шарафли, обрўли ва айни пайтда масъулиятли, одил судлов йўли билан адолат ва қонун устиворлигини таъминловчи, фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлишдек халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, оддий тил билан айтганда, адолат тарозиси олдида ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблардан бири судьяликдир.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда инсон, жамият учун энг муқаддас қадрият бўлган адолат фақат ва фақат қонун асосида суд ҳукми билан таъминланади. Она тилимиздаги “одил судлов” деган иборада жуда катта маъно бор. Яъни ҳар қандай масалани фақат суд одил ва адолатли ҳал қилиши мумкин. Адолат, ҳақиқат эса баҳсларда, томонларнинг қараш ва ёндашувларини таққослаб, холис ҳукм чиқариш орқали намоён бўлади”.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар