Шу йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги "Сардоба" сув омбори ёрилиши натижасида рўй берган кучли тошқинда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари қутқарув ишларига жалб қилинган эди. Оқолтин туманидаги қутқарув ишлари давомида оддий аскар Ҳусниддин Суяров оқиб кетиб, ҳалок бўлганди. Яна бир аскар Ҳазрат Суюнов эса бедарак йўқолганди.
Шу йилнинг 16 май куни Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Илёс Эрбўтаев Халқаро пресс-клуб анжуманида бедарак кетган аскар ҳамон қидирилаётганини маълум қилганди.
Kazinform ёзишича, ўзбекистонлик аскар Ҳазрат Суюнов эндиликда Қозоғистон республикаси, Туркистон вилояти, Мақтаарал туманидан изланмоқда. Бу маълумотни Миллий гвардия ахборот хизмати "Даракчи"га тасдиқлади.
Чимкент фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати хабар беришича, шу йилнинг 20 июнь куни Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбариятидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 1992 йилда туғилган ҳарбий хизматчисини қидиришда ёрдам бериш тўғрисида хат келиб тушган. Мактубга кўра, "Шардара" қутқарув станциясидан 5 та қутқарувчи, 1 та транспорт воситаси ва 1 та қайиқ Мақтаарал ва Жетисай туманларининг сув тошқини бўлган ҳудудлари ва сув омборларида қидирув ишларини олиб бориш учун жўнаб кетган. Қидирувга Қутқарув отрядининг иккита кинологи ҳам жалб қилинган.






