Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Илёс Эрбўтаев (суратда) Оқолтин туманида қутқарув ишлари давомида ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган ҳарбий хизматчилар ҳақида Халқаро пресс-клуб анжуманида маълумот берди.
"Қутқарув ишлари жараёнида Оқолтин туманининг учта аҳоли масканида 900 нафар қолиб кетган фуқароларни қутқариш пайтида ҳарбий хизматчиларимиз қутқарув-текширув ишларини олиб боришни бошлашди. Ушбу жараёнда кучли сув тошқини натижасида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари - капитан Санжар Ибрагимов, оддий аскар Ҳазрат Суюнов ва Ҳусниддин Суяровлар оқиб кетган.
Шу куннинг ўзида капитан Санжар Ибрагимов жиддий жароҳатларсиз Оқолтин туманининг Бобур маҳалласи ҳудудида кучли оқимдан чиқиб олишга муваффақ бўлган. Афсуски, ушбу талофатда сержант Ҳусниддин Суяров ва Ҳазрат Суюнов бедарак йўқолган эди.
Олиб борилган қидириш ишлари жараёнида 3 кундан сўнг мардларча ҳалок бўлган Ҳусниддин Суяровнинг жасади топилган. Ҳозирги кунда бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ҳазрат Суюновни қидириб топиш ишлари давом эттирилмоқда.
Уларнинг кўрсатган қаҳрамонлиги хотирамизда абадий сақланиб қолади", дейди Илёс Эрбўтаев.
Аввалроқ Сардоба фалокатида 6 киши — 2 нафар аёл, 4 нафар эркак ҳалок бўлгани, бир киши бедарак йўқолгани, ана шу бедарак кетган фуқаро Миллий гвардия хизматчиси экани маълум қилинганди.






