Ўтган йили дунё бўйлаб 690 миллион одам очарчилик билан юзлашган бўлса, бу йил уларнинг сони 83-132 миллионга кўпаяди. Сабаб - коронавирус пандемияси, дейилади "Америка овози" берган хабарда.
“Жаҳонда очарчилик кўлами йилига ўртача 10 миллионга кўпайиб келаётган эди", - дейди Максимо Тореро Куллен, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош иқтисодчи олими.
“2 миллиард одам егулик топишдан қийналиб яшайди, яъни етарлича манбага эга эмас".
Улардан 746 миллиони кучли тақчиликда кун кўрса, 1,25 миллиарди вақт-вақти билан шундай ҳолатда.
Ҳозиргача 13 миллионга яқин одам коронавирусга чалинган. Карантин ва чекловлар сабаб тирикчилик орқага кетган, бунинг устига ишсизлик кенгайиб, бизнесларнинг сусайгани даромадга улкан зарар келтирган. Кўплаб давлатларда озиқ-овқат таъминоти сустлашган.
“Оғир дамлар. Давлатлар чора кўрмаса, очарчилик гирдоби кенгаяверади”, - дейди Дейвид Бизли, БМТ Озиқ-овқат дастури раҳбари.
Африкада вазият мураккаб: 250 миллионга яқин одам тўйиб овқатланмайди.
Осиё бўйлаб 381 миллион одам шу аҳволда. 2015-йилдан бери оч-наҳор қатлам континентда 8 фоизга камайган.
Лотин Америкасида очарчилик таҳдид остида яшайдиганлар 48 миллион.
БМТга кўра, дунё аҳолисининг 3 миллиарди соғлом овқатланмайди, чунки бундай егулик оддий овқатдан беш маротаба қимматроқ.
Келаси йил БМТ бу борада симпозиум режалаган.






