1

Нью-йорк кино акадeмияси битирувчиси минорали краннинг аёл машинисти ҳақида фильм суратга олади

МАДАНИЯТ 16.07.2020, 15:53
Нью-йорк кино акадeмияси битирувчиси минорали краннинг аёл машинисти ҳақида фильм суратга олади

"Ўзбеккино" МА мамлакат кино соҳасига яна бир катта юракли ёш режиссёрни олиб кирмоқда. Ўзбекистонлик ёш режиссёр, Нью-Йорк киноакадемияси битирувчиси Анвар Мадраимов Tashkent Cityда минорали кран машинисти бўлиб ишловчи аёл ҳақида фильм суратга олишни режалаштирган.

Анвар Мадраимовнинг диплом иши “Holy short films” фестивалининг “Ёш режиссёрлар” категориясида ғолиб бўлган. Ҳакамлар ҳайъати томонидан бутун дунёдан иштирок этган 4 минг та кинофильмлар ичидан энг яхшиси дея эътироф этилган. 2018 йилда ўқишни битириб, Ўзбекистонга қайтиб келгач Анвар “Ўзбеккино” МАга мурожаат қилган. Бироқ у билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмаган. Кейинчалик постпродакшн агентлигини очиб, АҚШдан асбоб-ускуналар олиб келади ва премиум даражасида ранглаштириш бўйича ишлади.

Бугун “Ўзбеккино” МАнинг янги раҳбарияти ёш режиссёрни музокаралар учун таклиф қилди ва унинг дастлабки йирик лойиҳаси бўйича келишувга эришилди. Кинолойиҳа реал воқеаларга асосланган бўлиб, замонамиз қаҳрамони, Tashkent City қурилишида минорали кран оператори сифатида фаолият юритаётган Наргиза Арслонова ҳақида. Лойиҳанинг бош ҳамкори сифатида Тошкент шаҳар ҳокимияти иштирок этиши режалаштирилмоқда.

- Ўзбек киноси томошабинга ижтимоий масалалар ҳақида сўзлаши керак. Мисол учун мен рақамли даврда яшаётган замонавий ёшлар ва катта авлод ва ёшлар қизиқишлари ўртасидаги фарқлар ҳақида фильм томоша қилишни истаган бўлардим. Маънавий ва ахлоқий меъёрлар бўйича уларнинг қарашлари ўртасида қай даражада фарқ бор? Улар ўзаро муросага эриша оладиларми? Бу жуда қизиқарли ва долзарб масала, – дейди Анвар Мадраимов.  

 

– Бизда ғалабаларга, ҳатто ўз устимиздан ғалаба қозонишга илҳомлантирадиган мотивацион фильмлар етишмайди. Бизга супер кучга эга одамлар ҳақида эмас, балки орамизда яшаётган ва ҳар куни жасорат кўрсатадиган инсонлар ҳақида фильм керак. Булар шифокорлар, кўнгиллилар, масалан, спорт соҳасида катта муваффақиятларга эришган имконияти  чекланган одамлар бўлиши мумкин. Мисол учун, мен қуш парвози баландлигида ишлаб бир қўл ҳаракати билан 8 тоннагача юкни кўтарадиган ёш қиз Наргиза ҳақида фильм суратга олишни режалаштиряпман. Ёки яна бир қизиқарли мавзу – 30 ёшли одам Тошкентда миллионер бўлиши мумкинми? Замонавий ўзбек киносида бундай фильмлар ҳамда бу каби мавзулар жуда ҳам кам, негаки соҳада ёшлар кам. Бироқ бугунги кунда “Ўзбеккино” МА ёш истеъдодларга катта эътибор қаратаётгани, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаётгани, грантлар ажратаётгани ва чет элларда таълим олиш учун имконият яратилаётганини кўриш қувонарли ҳол. Агентлик биносида янги қурилган замонавий ёшлар ижодий лабораторияси – бу катта қадам ва режиссёрликни энди бошлаётганлар учун учрашувлар ўтказиш, фикр алмашиш ёки ижодий, қулай муҳитда ишлаш учун ажойиб имкониятдир!  

Лойиҳани амалга ошириш ишлари йил сўнгига қадар бошланиши таъкидланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1