АҚШлик олимлар қаттиқ юзада коронавирусни бир соат ичида ўлдиришга қодир бўлган юза қопламасини яратишга муваффақ бўлдилар. Бу интернет манбалар асосида Таржумон ёзди.
Виржиния политехника институти ва Виржиния давлат университети профессорлари яратган ушбу қоплама оксид ва полиюретандан ташкил топган бўлиб, коронавирус билан алоқага киришганидан бир соат ўтиб уни 99.9 фоизга йўқ қила олади.
“Ушбу модда билан қопланган шиша ёки пўлат юзасида коронавирус 99.9 фоизга нобуд бўлади. Полиюретан моддаси билан қопланган юзанинг афзаллик томони шундаки, полиюретан кунлик ҳаётда ишлатиладиган жуда кўплаб нарсаларнинг устки қатламини қоплашда ишлатилади” дейилади ушбу тадқиқот босилган илмий журналда.
“Коронавирус билан касалланган одамдан чиққан ҳаво томчилари полиюретан билан қопланган қаттиқ юзага тушганда томчилар ичидаги вирус йўқ бўлади. Ҳозиргача биз олиб борган текширувларда вируснинг ўлдирилишига кетган энг қисқа вақт бир соат бўлди. Бундан ҳам қисқа вақтда вирусни йўқ қилиш борасидаги ишлар давом этмоқда” дейди ушбу тадқиқотда қатнашганлардан бири профессор Вилям Даккер.
Даккер март ойидан бери коронавируснинг юзадаги ҳолати бўйича иш олиб бормоқда. Унинг таъкидлашича, янги яратилган юза қопламаси коронавирусдан сақланишдаги ижтимоий масофаланиш ва юз ниқобларидан фойдаланиш каби эҳтиёт чораларининг ўрнини босмайди.






