АсосийJamiyat

Самарқандда фуқаро пайғамбарликни даъво қилди. У бош мия контузияси касаллиги билан даволангани маълум бўлди

'Самарқандда фуқаро пайғамбарликни даъво қилди. У бош мия контузияси касаллиги билан даволангани маълум бўлди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда “Коронавирус вабосининг йўқолиши менга боғлиқ, Хитойдаги ўлим масканига бориб келишим керак”, деган иддао билан чиққан фуқаронинг видеоси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ходимлари мазкур видео юзасидан суриштирув ишларини олиб борди. Аниқланишича, видеодаги фуқаро 1962 йилда Самарқанд туманида туғилган Х.У. бўлиб, у 1980-1982 йилларда Афғонистонда фуқаролик урушида ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий хизмат давомида бош қисмидан жароҳат олиб, бош мия контузияси касаллиги билан даволанган.  

Ҳозирда Х.У.нинг психологик ҳолатини текшириш учун Самарқанд вилоят Руҳий касалликлар диспансери мутахассиси кўригидан ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев "Даракчи"га хабар қилди. 

Қайд этиш жоиз, ушбу ҳолат юзасидан Дин ишлари бўйича қўмита ҳам муносабат билдирди:

"Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Шу нуқтаи-назардан  ўзини "Пайғамбар" деб эълон қилган шахснинг даъвоси  кенг жамоатчилик орасида салбий руҳдаги, кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди, ўз навбатида, мусулмонларга нисбатан ноўрин гап-сўзлар пайдо бўлишига ҳам замин яратди. 

Дин ишлари бўйича қўмита бугунги мураккаб даврда одамларни диний эътиқодларига тааллуқли бўлган бу каби ножоиз ҳолатни қоралайди ҳамда ижтимоий  тармоқларда мазкур масала юзасидан  фикр-мулоҳаза билдириш асносида эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлиб,  бу каби сохта Пайғамбарлар ҳар замонда учраб туриши нуқтаи-назаридан унга ортиқча эътибор бермасликни сўрайди". 

    Бошқа янгиликлар