АсосийJamiyat

Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари коронавирус билан боғлиқ ҳуқуқий саволларга жавоб берди

'Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари коронавирус билан боғлиқ ҳуқуқий саволларга жавоб берди'ning rasmi

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган штабда Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбаева иштирокида коронавирус билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда карантин режими вақтида фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Адлия вазирлиги фаолиятига оид кўтарилган савол ва мурожаатларга жавоб берилди.

1-САВОЛ. Ёшим 53 да коллежни ётоқхонасида навбатчи вазифасида ишлайман. Карантин бошлангандан буён иш ҳақимдан ушлаб қолишади. Сўрасам ишга келмаганим учун экан. Шу тўғрими?

Шунингдек, иш берувчи коллеж ёпилиши муносабати билан ўзингизга бошқа иш топинг деган огоҳлантириш хати берди. Ваҳоланки, коллежни номи ўзгарди холос. Шу ёшимда нафақага бир йил колган. Қаердан иш топаман шунга изоҳ берсангиз.

ЖАВОБ: амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолган вақтда унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. Шунингдек, умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, — суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Ташкилот қайта ташкил этилганда ходимнинг розилиги билан меҳнат муносабатлари давом эттирилиши мумкин. 

Иш топиш мақсадида ҳудудий бандлик органларига мурожаат қилиниши лозим. Бунда улар томонидан вакант лавозимлар таклиф этилади.

2-САВОЛ.Ассалому алайкум! Пандемия даврида ишдан бўшатиш қанчалик тўғри?

ЖАВОБ: амалдаги қонунчиликка кўра, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.

Шунингдек, юқоридаги ҳолатлардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши ҳолатлари мавжуд бўлганда, пандемия даврида ҳам иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли. 

3-САВОЛ: Кўчада ниқобни тушуриб юрганлиги учун нечи сўм жаримага тортилиши керак? Ва қанча муддат берилади жаримани тўлаш учун?

ЖАВОБ:Амалдаги қонунчиликка кўра карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача (1 115 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра жарима ҳуқуқбузар томонидан унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўттиз кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда — шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай тўланиши лозим. 

Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг мустақил иш ҳақи бўлмаган тақдирда, жарима уларнинг ота-оналари ёки улар ўрнини босувчи шахслардан ундириб олинади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун солинган жарима ҳуқуқбузар томонидан тегишли банк муассасасига тўланади, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида ундириб олинадиган жарима бундан мустасно.

4-САВОЛ: Менинг автомобилимда махсус рухсатнома (стикер) бор, аёлим соғлиқни сақлаш тизимида ҳамшира, кечки пайт шанба ва якшанба кунлари, аёлимни ишдан қайтаётганимда ўзим билан олиб келишим мумкинми? Мисол учун, махсус комиссия қарори билан шанба ва якшанба кунлари фақатгина стикери бор мошиналар ҳаракатланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган, медицина ходимларига эса ишлаш белгиланди, мен аёлим билан мошинамда ушлашса муаммо бўлмайдими?

ЖАВОБ: республика махсус комиссия қарорига кўра, автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.

Шунингдек, шанба ва якшанба кунлари (18-19 июль ва 25-26 июль) республика миқёсида автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилиши белгиланган.

Республика махсус комиссияси қарорига биноан, шанба ва якшанба кунлари қуйидаги 2 тоифа автомашиналарга ҳаракатланиш учун рухсат берилади: 

▫️махсус рухсатнома (стикер)лари бор машиналар;

▫️махсус рухсатнома (стикер)сиз юриш ҳуқуқига эга бўлган автомашналар.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, махсус рухсатнома (стикер) олган транспорт воситаси эгаси стикер йўналиши ва мақсади бўйича фойдаланилиши лозим. Агар белгиланган мақсад ва йўналишда стикердан фойдаланилмаганда, унинг бекор бўлишига олиб келади.

5-САВОЛ: Мен чет элда истиқомат қиламан. Ҳозирги пандемия сабаб Ўзбекистонга бориб, вояга етган фарзандимни никоҳдан ўтказиш учун олиб боролмаяпман. Сабаби ёшларни бири Ўзбекистонда истиқомат қилади. Шу сабаб Ўзбекистонда ташкил этилган онлайн никоҳ тизими орқали расмийлаштиришим мумкинми?

ЖАВОБ:Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Жумладан, никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁга электрон аризани my.gov.uz портали орқали юбориш имкони яратилган. 

Бунинг учун иккала томон (келин ва куёв) ҳам электрон рақамли имзо олиши шарт. Ариза тўлдирилганидан сўнг иккала томон ҳам аризасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаши шарт. Сўнг ариза белгиланган ФҲДЁ бўлимига келиб тушади. ФҲДЁ бўлими аризани 1 иш кунида қабул қилиб олади. 

Ҳозирда мамлакатимизда карантин чоралари қўлланилаётгани боис, фақатгина аризалар қабул қилинмоқда. Карантин тадбирлари ниҳоясига етганидан сўнг, никоҳланувчилар ФҲДЁ бўлимига чақиртирилади ва уларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма топширилади.

Яъни жорий этилган ушбу хизмат фақатгина электрон ариза топшириш имконини беради ва эндиликда никоҳни ФҲДЁ бўлимига бормасдан туриб ҳам расмийлаштириш мумкин дегани эмас. 

Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши, шунингдек никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

6-САВОЛ: Карантин вақтида коронавирусга чалинганлар учун айрим дорилардан фойдаланиш бўйича тавсиялар беришмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса ушбу дориларнинг қалбакилари ҳам чиқаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини сотганлик учун жавобгарлик белгиланганми?

ЖАВОБ: амалдаги қонунчиликка кўра, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Дорихоналар дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган барча ҳолатлар тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигини белгиланган тартибда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Бунда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексига кўра, ушбу жиноят учун жиноятнинг оғирлик даражасига қараб 22 млн 300 минг сўм жаримадан бошлаб 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо белгиланиши мумкин.

7-САВОЛ: Карантин пайтида июль ойига белгиланган оилавий масалалардаги судлар ўтказилишига қандай таъсир қилади? Улар айтилган вақтида ўтказиладими? 

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимиз судларида фуқароларнинг шахсий қабули, суд жараёнлари ва сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилган эди. 

  Судлар томонидан фақат эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир; қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш; қамоқда сақлаш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш; маъмурий қамоққа олиш; шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш (стационарда ётиш муддатини узайтириш); шахсни сил касаллигига қарши курашиш муассасасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш (муассасада ётиш муддатини узайтириш); фуқарони муомала лаёқатини чеклаш ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўрилиши белгиланган. Судлар суд буйруғи тартибидаги ишларни (алимент ундириш ва бошқалар) ҳам кўриши мумкин.

Барча судларда:

- судья ва мутахассислар томонидан ижтимоий масофани (2 метрни) сақлаган, тиббий ниқоб ва антисептик воситаларидан фойдаланган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;

- барча турдаги оммавий тадбирлар (маърифат соатлари, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, ўқув машғулотлари ва бошқа оммавий тадбирлар) ни ўтказмаслик (судлар фаолияти билан боғлиқ видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган йиғилишлар бундан мустасно);

- суд биноларига кириш-чиқиш жойларини пирометр ва антисептик воситалар билан таъминлаш, суд муҳокамасига келган ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, ниқобсиз ва тана ҳарорати 37 °C ва ундан юқори бўлган ҳолатда, суд биносига киритмаслик каби мажбурий талабларга қатъий риоя этиш белгиланган.

Бундан ташқари, кўриб чиқилиш учун тайинланган ишлар қолдирилганлиги сабабли, уларни кўрилишга қайта тайинланган вақти бўйича суд мажлиси иштирокчиларига алоҳида хабар қилинади.

Шунингдек, қарорда барча судлар ишларни техник имконият мавжуд бўлганда видеоконференцалоқа режимида кўрилишини ташкил этиши, суд мажлиси иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг суд биноларига кириши қатъиян ман этилиши кўзда тутилган. 

Фуқаролар "E-XSUD" тизими орқали мурожаат қилишлари мумкин. Мазкур тизим республика судларига мурожаатларни "E-XSUD" ахборот тизими орқали тақдим этиш, мазкур мурожаатлар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар ва уларнинг натижалари юзасидан хабардор қилиш имконини беради.

8-САВОЛ: Республика махсус комиссиясининг тузилиши ва унинг чекловчи чораларини киритиш бўйича қарорлар қабул қилишга ваколатлилиги ҳақида маълумот берсангиз.

 

ЖАВОБ:Коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга, Конституциямизга, қонунчилигимизга ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келади, инсон ҳуқуқларини бузмайди.

Махсус комиссия бўйича қуйидагиларни қайд этиш лозим.

Биринчидан, “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, Ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Парламент қарорлари, Президент ҳужжатлари ижросини таъминлайди.

Иккинчидан, ушбу қонуннинг 11-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатлари сирасига, жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.

Учинчидан, 25-моддага биноан, давлат ва хўжалик бошқарувининг айрим масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек унинг айрим топшириқларини бажариш учун муваққаткомиссиялари ташкил этилиши мумкин.

Тўртинчидан, Ҳукумат Регламентига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ваколатларининг амалга оширилиши комиссиялар, кенгашлар ва бошқа идоралараро коллегиал органлар фаолияти билан ҳам таъминланади.

Бешинчидан, Вазирлар Маҳкамасида унинг ваколатларига кирадиган масалаларни кўриб чиқиш Ҳукумат ташкил этадиган комиссияларнинг ҳамда бошқа идоралараро коллегиал органларнинг мажлисларида манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Олтинчидан, “Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси ёки вилоят ҳокимликлари ҳам ўрнатилагаг тартибда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.

Шу тариқа, бир вақтнинг ўзида Фуқаро муҳофазаси бошлиғи бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигидаги Махсус комиссия Вазирлар Маҳкамаси ваколатларини амалга оширишни таъминлашнинг усулларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус фармойишига мувофиқ, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Ҳукуматнинг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Комиссия томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинаётган қарорларнинг мажбурий ижро қилиниши кўрсатиб ўтилган. 

“Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига кўра эса, Ҳукуматнинг қабул қилган қарорлари ва фармойишлари Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Шу муносабат билан, ишонч билан айтиш мумкинки, Махсус комиссиянинг тузилиши ва унинг ваколатлилиги борасида иккиланишга ўрин йўқ, бу борадаги барча шубҳа-гумонлар бирор бир юридик асосга эга эмас.

Қолаверса, мамлакатимизда шаклланган ҳуқуқ ижодкорлиги амалиёти шу каби бошқа комиссияларни тузишнинг зарурати ва самарадорлигини кўрсатиб берган. Мисол учун, узоқ 2000 йилдаёқ Вазирлар Маҳкамасининг 142-сон қарори билан одамлар ўртасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида корхоналар, ташкилотлар, муассасаларда, алоҳида аҳоли пунктлари ва ҳудудларда карантин-чеклаш чора-тадбирлари ҳамда карантин жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати берилган Республика эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси тузилган эди.

Мавжуд ижобий тажрибани инобатга олган ҳолда ҳамда жорий эпидемиологик хавфнинг кўламини инобатга олиб, ҳозирги шароитда Республика махсус комиссияси ташкил этилди ва у эпидемиологик вазиятнинг тезлик билан ўзгаришига зудлик билан муносабат билдириб, мазкур ўзгаришларнинг бартараф қилиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилиб келмоқда.

9-САВОЛ: Мен ўртоқларим ва танишларим билан биргаликда қурилиш ва устачилик қилиб пул топиб рўзғор тебратамиз. Лекин карантин бўлганлиги сабабли бундай ишлар топа олмай қолдик. Карантин бошланганидан сўнг ишсизлик нафақасини олиш учун бандлик органига мурожаат қилдим. Ишсизлик нафақаси тайинланди ва 2 ой тўланди. Шундан сўнг қурилиш ташкилотига ишга кирдим. Кейин нафақа тўлашмади. Сизлардан сўрамоқчи бўлганим, ишсизлик нафақаси қанча муддат берилади? 

ЖАВОБ: амалдаги қонунчиликка кўра, ишсизлик нафақаси кўпи билан:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;

илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса ўн уч календарь ҳафта мобайнида тўланади.

Шунингдек, ишсиз шахс ишга жойлашганда ҳолларда ишсизлик нафақасини тўлаш бекор қилинади. 

10-САВОЛ: Карантин даврининг бошида менга заводдан республика бўйлаб ҳаракатланиш учун Спарк русумли транспорт воситалари учун ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш учун стикер берилди. 14-июнь куни мен ушбу машинани сотиб, Кобалт русумли транспорт воситаларини сотиб олиш бўйича шартнома имзоладим, аммо Спарк рақамини сақлаб қололмадим. Мен у ерда 2013 йилдан бери ишлайман. Илтимос, эски стикер ёрдамида ҳаракат қила оламанми? Агар йўқ бўлса, янгисини қайердан олсам бўлади?

ЖАВОБ: Махсус комиссия баёнига кўра, жорий йилнинг 9 апрелидан бошлаб Давлат хизматлари марказлари орқали ҳаракатланиш учун рухсатномалар берилиши тўхтатилган. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 9 июлдаги Ахборотига кўра, автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилиши белгиланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 11 июлдаги Республика махсус комиссияси қарорига кўра махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан ҳаракатланишга чекловлар татбиқ этилмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари, махсус рухсатномалар фақат белгиланган транспорт воситаларининг ҳаракатланишига нисбатан фойдаланилиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар