АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 19 июлда 566 кишида коронавирус аниқланди. Беш бемор вафот этди

'Ўзбекистонда 19 июлда 566 кишида коронавирус аниқланди. Беш бемор вафот этди'ning rasmi

Ўзбекистонда бугун бир кунда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 566 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет учинчи кун коронавирусга чалинганлар сони 500 нафардан ошмоқда. Ҳозиргача энг кўп касалланиш ҳолати 13 июль куни қайд этилган бўлиб, 594 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган эди. 

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 110 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
  • 456 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 267 нафар, Андижон вилоятида — 65 нафар, Сирдарё вилоятида — 41 нафар, Тошкент вилоятида — 31 нафар, Наманган вилоятида — 22 нафар, Бухоро вилоятида — 17 нафар, Самарқанд вилоятида — 9 нафар, Сурхондарё вилоятида — 3 нафар, Жиззах вилоятида — 1 нафар) аниқланган.

Кун давомида 9 та ҳудудда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бир кун олдин 11 та ҳудудда касаллик қайд этилганди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида 3 нафар, Тошкент вилоятида 1 нафардан, жами 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Шунингдек, Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимлиги 60 ёшли ҳамширанинг коронавирус асоратларидан вафот этганини маълум қилди.

Биринчи ўлим. Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи 67 ёшли У.А. исмли аёлда 10 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Тошкент шаҳридаги 1-сонли клиник шифохонага олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар беришларича, 16 июль куни эса ўткир нафас етишмовчилиги кузатилгани сабабли сунъий ўпка вентиляцияси аппаратига олинган. Унга COVID-19 инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, диабетик энсефалопатия, диабетик нефропатия асоратлари билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, гипертония каби ҳомроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 47 ёшли М.К. исмли аёлда 5 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси, юрак ишемик касаллиги ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, беморда гипертония ҳамроҳ касаллиги бўлган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани «Мирзо Ғолиб» маҳалласида жойлашган 18-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Феруза Асқаровна Тўхтаева коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда 19 июль куни Олмазор тумани ҳокимлиги маълум қилди.

«COVID-19 касаллиги меҳрибон она, фидойи, жонкуяр, халқпарвар, беморлар дардига даво бўлиб келган ширинсухан ҳамшира Феруза Асқаровнани орамиздан бевақт олиб кетди. Беморларга ёрдам кўрсатиб чарчамаган, айниқса ҳозирги вақтда фидойилик кўрсатган Феруза опа сўнгги вақтгача ўз касбига садоқат билан ёндашди», — дейилади туман ҳокимлиги таъзияномасида.

Олмазор тумани ҳокимлиги марҳуманинг оила аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирган. Феруза Тўхтаева 60 ёшда бўлган. Олмазордаги ҳамширанинг вафоти юзасидан ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берганича йўқ.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 65 ёшли К.Г. исмли эркакда 11 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган. Бемор доимий равишда юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги, қандли диабет, сурункали ўпка обструктив касаллиги билан даволаниб юрган.

Ҳамроҳ касалликлар фонида касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашган бемор, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 39 ёшли М.Р исмли эркакда 6 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 7386 нафар бемордан 81 нафари оғир, 23 нафари эса ўта оғир аҳволда

Касаллик қайд этилган жами 16752 нафар бемордан 9279 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 55 фоизни ташкил этмоқда.

 Ўзбекистонда уй карантинида 62 304 нафар, стационар карантинда эса 22 159 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидагилар сони 1752 нафарга кўпайган, стационар карантиндагилар сони 712 нафарга камайди.

    Бошқа янгиликлар