28

Пандемия даврида жисмоний тарбия ва спорт соҳаси қандай ривожланмоқда?

СПОРТ 25.07.2020, 15:39
738
Пандемия даврида жисмоний тарбия ва спорт соҳаси қандай ривожланмоқда?

2020 йил нафақат мамлакатимиз, балки дунё спортида муҳим йил бўлиши кутилаётганди. Жумладан, 24 июль – 9 август кунлари кунчиқар юрт Японияда XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилиши белгиланган, юртимизда ҳам кўплаб нуфузли мусобақалар ва тадбирлар ўтиши лозим эди. Аммо...

Коронавирус пандемияси туфайли режалар буткул ўзгариб кетди. «Токио–2020» бир йил кейинга сурилди, кўплаб спорт тадбирлари кечиктирилди ёки бекор қилинди. Хуллас, орзулар, режалар, мақсадлар ўзгарди.

Коронавирус балоси инсон учун саломатлик нақадар қадрли неъмат эканини теран англашни, соғлик қадрига етишни ўргатди. Бу офат одамларда жамиятга, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бошқача назар билан қарашга, соғлом кучларнинг жипслашиши, оммавий маданиятни юксалтириш нақадар долзарб вазифа эканини англатди. Пандемиянинг кенг тарқалиши жамиятда инсон саломатлигини мустаҳкамлашда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни нақадар аҳамиятлилигини янада ёрқинроқ намоён этди. Бугун жаҳоннинг кўплаб давлат ва нодавлат тузулмаларида ўтказилган мониторинглар, таққослар, таҳлиллар жисмоний маданият билан мунтазам шуғулланган, фаол ҳаёт тарзига эга одамларда касалликка чалиниш даражаси жуда ҳам пастлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди.

Хўш, киши соғлом бўлиши учун нималарга аҳамият бериши керак? Карантин даврида қандай қилиб спорт билан шуғулланиш мумкин? Ҳозирги мураккаб, барча ўзини яккалаш шароитида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг фаолияти қандай ташкил этилмоқда? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Тўлқин Рўзиев Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев билан суҳбатлашди.

— Пандемия шароитида вазирлик фаолияти қай йўсинда ташкил этилмоқда? Умуман, пандемия спорт соҳасига қанчалик таъсир кўрсатди?

— Пандемия барча соҳаларда бўлгани каби жисмоний тарбия ва спорт соҳасига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Бошланишида спорт ташкилотлари, федерациялар, спорт мактабларида бундай шароитда ишни қандай ташкил этиш, машғулотлар узлуксизлигини таъминлаш, айниқса, нуфузли мусобақаларга тайёргарлик олиб бораётган спортчиларнинг жисмоний юксак ҳолатини сақлаб қолиш масаласида сусткашликка йўл қўйилган вазиятлар ҳам бўлди. Бироқ Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, спорт федерациялари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўрилган тизимли чора-тадбирлар натижасида машғулотларни масофадан олиб бориш дастури ишлаб чиқилди. Биласиз, тўрт йил кутилган «Токио–2020» Олимпия ўйинлари бир йилга кечиктирилди, жуда кўплаб спорт мусобақалари қолдирилди, ўқув-машғулот йиғинлари тўхтатилди. Бундай қалтис жараёнда рости, жаҳон спорти бир муддат «ўзини йўқотиб қўйганлиги» бор гап. Шундай бўлсада, кундалик фаолияти жисмоний тарбия билан боғлиқ юртдошларимизда спорт ҳаёти бир зум бўлсада тўхтагани йўқ. Эътиборлиси, мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт тизими, унинг минглаб мураббий ва спортчилари, мутахассислари коронавирус билан мардонавор курашмоқда. Спортчи ва тренерлар, мутахассисларимиз бу кунлар ўтиб кетиши, олдинда Ватанимиз шаъни ҳимоя қилинадиган жиддий мусобақалар кутиб турганини теран англашмоқда. Шу боис, жорий йилнинг 16 мартидан эълон қилинган дастлабки карантин давридан спортчи ва тренерлар машғулотларни тўхтатгани йўқ. Бу борада махсус ўқув режалар ва машғулотлар мундарижаси ишлаб чиқилиб, спорт мактаблари ва федерациялар орқали ҳар бир тренерга етказилди. Улар эса, ўз навбатида, қўл остида шуғулланиб келаётган спортчилар билан онлайн машғулотлар ўтказишни бошлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Спорт» телеканали билан ҳамкорликда малакали тренерлар иштирокида онлайн теледарслар ўтказиш йўлга қўйилди ва ҳар куни эрталабки дастурлар орқали 10 дақиқадан уй шароитида бажариш мумкин бўлган машқлар намойиш этиб борилмоқда. Қолаверса, таниқли спортчи ва тренерлар иштирокида «Спорт билан коронавирусни енгамиз!» акцияси доирасида видеороликлар тайёрланиб, телеканаллар, ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари орқали мунтазам ёритилмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида 1 апрелдан масофавий ўқитиш жорий этилди. Барча фанлардан тайёрланган маърузаларни видеопортал ҳамда телеграм каналлари орқали етказиш йўлга қўйилди. “Online maktab” лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали мактаб-интернат ўқувчилари умумтаълим фанларини тўлиқ ўзлаштиришига эришилди. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси имтиҳонларини онлайн (масофавий) тарзда давлат имтиҳонлари шаклида ўтказиш йўлга қўйилди. Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг Нукус, Самарқанд, Фарғона филиалларида масофавий ўқитишга жами 1 352 нафар тингловчи ҳамда 145 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилди.

Дарвоқе, вазирлигимиз томонидан амалга оширилган хайрли ишлардан яна бири — пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейига карантин даврида уйда қолган юртдошларимиз учун Olympic virtual muzey хизмати йўлга қўйилганлигидир. Ушбу хизматдан фойдаланиш орқали халқимиз уйида туриб жаҳон ареналарида ўзбек спортининг довруғини кўкларга кўтариб келаётган спортчиларнинг ёрқин ғалабалари акс этган фотолавҳалардан баҳраманд бўлиши мумкин.

— Карантин даврида вазирлик ташаббуси билан кўплаб онлайн мусобақа ва челленжлар ташкил этилди. Умуман, авваллари онлайн мусобақалар жуда кам ўтказиларди. Шу маънода, аҳолининг масофавий баҳсларга қизиқиши қандай бўлди, ушбу тадбирлар кутилган даражада самара бердими?

— Дарҳақиқат, карантин даврида халқимизни уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга даъват этиш мақсадида қатор челленжлар ўтказилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Эътиборлиси, бу мусобақаларга кўпроқ ҳаваскорларни жалб этишга ҳаракат қилдик. Жумладан, юртдошларимиз орасида спорт билан фаол шуғулланишни кенг тарғиб этиш мақсадида «уйда қол!»«ҳаётга қўшил!»“sport challenge” эълон қилинди. 6 апрелдан 10 майгача давом этган челленжга республикамизнинг барча ҳудудларидан уй шароитида бажарилган спорт машғулотлари акс этган жами 10 мингдан ортиқ видеолавҳа келиб тушди. Умумий ҳисобда челленж ўртача 25-30 минг юртдошимизни қамраб олди, десам муболаға бўлмайди. Челленж 7 та босқичда ташкил этилди. Қувонарлиси, челленжни юртдошларимиз жуда илиқ қарши олишди. Масалан, Навоий вилояти Нурота туманидан юборилган бир видеороликда уч, эҳтимол тўрт авлод вакиллари иштирок этганлиги бизни ҳайратга солди. Роликда 86 ёшли онахон, унинг 68 ёшли ўғли, 63 ёшли келини, 35-40 ёшлар атрофидаги ўрта авлод вакиллари, булар набиралари бўлса керак назаримда, ёш болакайлар, қисқаси 6-7 киши иштирок этишган. Шунингдек, халқимиз орасида компьютер спорти, яъни киберспортни янада оммалаштириш мақсадида Esports Uzbekistan федерацияси билан ҳамкорликда мамлакатимизда илк маротаба “MINSPORT ONLAYN KUBOGI” ташкил этилди. Киберспорт мусобақасида жами 4 617 нафар ҳаваскор спортчи қатнашди.

Қолаверса, 11 майдан 20 майга қадар «Уйда қол ва ғалаба қозон!» шиори остида шахмат бўйича биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионати ташкил этилди. Мазкур турнир онлайн тарзда, швейцарча тизимда Chess.com ўйин платформаси орқали ўтказилди. Ўнта турдан иборат мусобақа кўпчиликда ижобий таассурот қолдирди. 3 000 нафарга яқин ҳаваскор шахматчи иштирок этган мусобақада 10 нафар ғолиб аниқланди. Бу рўйхатга яна каратэнинг «ката» ва таэквондонинг «пумсе» йўналишлари бўйича ўтказилган онлайн мусобақалар, баҳодирлар ўйинлари ва тош ­кўтариш бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионати, онлайн югуриш каби мусобақаларни қўшиш мумкин.

Санаб ўтилган челленжлар юртдошларимиз томонидан жуда яхши кутиб олингани, қолаверса, пандемия сабабли карантин ҳолати чўзилаётгани, мазкур вазиятда аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш орқали улар саломатлигини мустаҳкамлаш ва иммунитетини кўтаришга ҳиссамизни қўшиш мақсадида вазирлигимиз ташаббуси билан «Онлайн юриш», «Онлайн югуриш», «Онлайн веломарафон», «Онлайн шахмат» челленжи ҳамда киберспорт бўйича 8 та йўналишда “MinSport eSropts CUP” мусобақаларини янги йилгача давом эттиришга қарор қилдик. Ушбу тадбирлар орқали аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш кўзда тутилган. Онлайн мусобақа ва челленжларда фаол қатнашган юртдошларимиз нафақат саломатлигини мустаҳкамлаши, балки қимматбаҳо совғалар, жумладан, онлайн шахмат мусобақасининг мутлақ ғолиби “Spark” автомобилини қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.

Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, вазирлигимиз олдига жорий йилда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳоли сонини 18 фоизгача етказиш вазифаси қўйилган. Гарчи пандемия туфайли спорт тадбирлари ўтказилмаётган бўлсада, бу вазифани ҳеч ким зиммамиздан соқит қилмаган. Онлайн спорт тадбирлари орқали биз ана шу вазифани бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Қолаверса, оммавийликни оширмасдан туриб, профессионал спортда улкан ютуқларга эришиб бўлмайди.

— Токио — 2020 Олимпиадасига тайёргарлик бугунги кунда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги олдига қўйилган устувор вазифалардан бири. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Токио Олимпиадасига муносиб тайёргарлик кўриш давлатимизнинг доимий эътиборида. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига тайёргарлик ишлари мураккаб вазиятга қарамасдан тасдиқланган дастур асосида олиб борилмоқда. Пандемия шароитида ҳам бўлғуси олимпиячиларга барча қулайликлар яратиб берилди. Ҳар бир олимпиячи учун уй шароитида машғулотларни тўлақонли олиб бориши, уларнинг саломатликларини мунтазам назорат қилиш борасида махсус дастур ишлаб чиқилиб, кунлик, ҳафталик машғулотлари таҳлил этиб борилди. Карантин кунлари ҳар бир спортчи, унинг оила аъзолари билан алоҳида-алоҳида мулоқотлар ўтказилди. Жисмоний ва руҳий мувозанатлари бириктирилган шифокорлар, диетолог ва руҳшунослар орқали кузатувда бўлди. Зарур ҳолларда оиласига, маҳалласига керакли ёрдамлар кўрсатилди. Тўғри, пандемия туфайли режадаги ўқув машғулотларнинг дастурига ўзгартиришлар киритилди, аммо уларнинг моҳияти, туб негизи асл ҳолат, режа асосида давом эттирилмоқда.

Спортчиларимизнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш мақсадида 13 та спорт тури бўйича 18 та хорижий тренер жалб қилинган. Уларнинг аксарияти, аниқроғи, 15 нафари карантин даврида ҳам юртимизда қолиб, шогирдлари билан онлайн шуғулланди. Бундан ташқари, Олимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларга жалб этилган хорижлик малакали тренер-маслаҳатчи ва мутахассислар билан ҳудудлардаги ёш ва иқтидорли спортчилар учун онлайн маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Негаки, бу ёшлар ўзбек спортининг эртаси, айнан улар вақти келиб, терма жамоалардан ўрин эгаллайди. Аниқ мисоллар билан айтадиган бўлсам, шу кунгача Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан япониялик мутахассис Тому Тори иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида, Ўзбекистон ВТФ таэквондо ассоциацияси ташаббуси билан жанубий кореялик мутахассис Жинг Юнг Ким иштирокида Андижон, Фарғона ҳамда Наманган вилоятларида, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ташаббуси билан мураббийлар ­Арсен Ахметов ҳамда Заза Силагадзе иштирокида барча ҳудудларда, Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида фаолият юритаётган россиялик Борис Жгир иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида онлайн семинар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилди. Тажрибали мураббийлардан бугун олинаётган билим ва тажриба эса уларга келгуси фаолиятида қўл келишига шубҳа йўқ.

2021 йилга қолдирилган Олимпия ўйинларига ҳозиргача спортчиларимиз 15 та спорт тури бўйича (теннис, велосипед, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, юнон-рум кураши, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, замонавий бешкураш, таэквондо WTF, бокс, пара ўқ отиш, параканоэ, пара сузиш, пара енгил атлетика, пара таэквондо) жами 40 та йўлланмани қўлга киритган. Афсуски, пандемия сабабли Олимпия ўйинларига йўлланмаларни тўғридан-тўғри тақдим этувчи 20 га яқин халқаро мусобақа ўтказилмай қолди. Ҳозир Халқаро олимпия қўмитаси қолдирилган саралаш мусобақаларининг муддатларини кўриб чиқмоқда.

Республика махсус комиссияси Олимпия спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоаси аъзоларига спорт мажмуаларида Токио ўйинларига тай­ёргарлик кўришни бошлашга рухсат берди. Шунга асосан, ҳозир терма жамоаларимиз аъзолари махсус базаларда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ва шифокорларнинг доимий назорати остида ўқув йиғинларга киришган. Таҳлилларимизга кўра, спортчиларимиз 22 та спорт туридан Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг яна 74 та йўлланмасини қўлга киритиш остонасида турибди. Албатта, ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Ҳар бир йўлланма ортида тинимсиз меҳнат, эътибор, тренер ва мутахассисларнинг изланишлари ётади. Шу мақсадда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтган йилдан эътиборан Олимпия — 2020 штаби самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

— Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги олдига қўйилган устувор вазифалардан бири оммавийликни ошириш, аҳоли орасида жисмоний маданиятни шакллантиришдан иборат. Бу борада қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши ижросини таъминлаш мақсадида тизимли равишда жойларда «Ёшлар ҳафталиги», «Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги», «Таълим муассасалари ҳафталиги», «Хотин-қизлар ҳафталиги» мусобақаларининг календарь режаси ишлаб чиқиб, шу кунгача минифутбол бўйича ҳудудий жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари кубоги учун мусобақалар ўтказилди. Унга жами 106 056 нафар уюшмаган ёш жалб этилди, эътиборлиси, шундан 35 866 нафарини хотин-қизлар ташкил қилди.

Республика махсус комиссияси қарори билан пандемия талаблари аста-секин юмшатилиб бориши натижасида 2020 йил июнь ойида вазирлигимиз ташаббуси билан жами 329 та оммавий спорт тадбири ўтказилди. Мазкур тадбирлар карантин қоидалари асосида иштирокчилар сони 30-40 кишидан ошмаган ҳолда ташкил этилди. Шунингдек, «Ёшлар ойлиги» ҳамда 23 июнь — Халқаро Олимпия куни муносабати билан бир қатор спорт тадбирлари ташкил этилди. Масалан, 22 июнь куни Тошкент шаҳридаги «Эко парк» сайилгоҳида 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан мусобақалар ҳамда таниқли спортчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Спорт мусобақалари доирасида шаҳардаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг ўқувчи ёшлари волейбол, бадминтон, минифутбол ҳамда стол тенниси бўйича ўзаро баҳслашишди. Шунингдек, 28 июнь куни «Ёшлар ойлиги» доирасида республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб онлайн югуриш марафони ўказилди. Унда 2 минг 500 га яқин юртдошимиз рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 1 500 нафари ­онлайн югуриш марафонида ўз имкониятини синаб кўрди. Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча «яшил» ҳудудларида ташкил этилди.

Оммавийлик борасида сўз кетганда, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонига мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ўзаро ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва аҳолига қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Жисмоний тарбия ва спорт ривожланган энг яхши маҳалла» кўрик-танлови ўтказиши белгиланган. Мазкур кўрик-танловнинг биринчи босқичи туман(шаҳар)лар кесимида июнь ойида, иккинчи босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида октябрь ойи якунига қадар ўтказилиши кўрсатилган. Ҳозир аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши бўйича биринчи босқич совриндорларини аниқлаш мақсадида республикамизда мавжуд 9 145 та маҳалладан 3 200 таси бўйича маълумотлар республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.

— Самарқанд шаҳрида Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети филиали ташкил этилди. Бу таълим муассасасида қандай мутахассислар тайёрланади?

— Ўзбекистон Президенти қарорига мувофиқ 2019 йил 8 майда ташкил этилган ушбу филиалга 2019-2020 ўқув йилида 150 нафар (шундан 45 таси давлат гранти асосида) талаба ўқишга қабул қилинди. Филиал биносида амалга оширилаётган ишлар якунига етмаганлиги сабабли 2019-2020 ўқув йилида талабалар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида шу олийгоҳнинг профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида таҳсил олишди. Мазкур филиалда спорт фаолияти йўналиши, яъни спортнинг асосан ўйин турлари, жумладан, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи, теннис ва енгил атлетика бўйича мутахассислар, тренерлар тайёрланади.

Манзилли дастур доирасида Россия давлат жисмоний тарбия, ёшлар, спорт ва туризм университетининг Самарқанд филиали учун

400 ўринли ётоқхона қурилиши ҳамда мавжуд ўқув биноларини таъмирлаш учун жами 21,0 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида.

PS: Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу йил барча жабҳаларда бўлгани каби жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари учун ҳам синовли йил бўлмоқда. Белгиланган кўплаб спорт мусобақалари ўтказилмади, ўқув-машғулот йиғинлари бекор қилинди. Лекин ҳали йил якунлангани йўқ. Ҳозир Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 2020 йилнинг қолган даври учун алоҳида, қисқартирилган спорт мусобақалари тақвимини ишлаб чиқмоқда. Бунда муҳим чемпионатлар, халқаро турнирлар эътибордан четда қолмайди. Карантин даври ортда қолиши билан шиддатли спорт мусобақалари, қизғин беллашувлар даври бошланади. Айниқса, аҳолининг турли қатламларини қамраб оладиган оммавий спорт тадбирларига кенг ўрин берилади. Мақсад аниқ — юртдошларимиз орасида фаол соғлом турмуш тарзи кўникмасини шакллантириш, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш.

Бугун мамлакатимизда спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари яқин келажакда ўзбек спортининг имкониятлари чексизлигини ва истиқболини жаҳонга намоён этади. Муҳими, жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор орқали миллат генофонди соғломлашади. Соғлом миллат эса улкан ғалабаларга, қолаверса, интеллектуал юксалишларга қодир.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+28° ясно
Валюта курси
10231.71
USD 21.85
12059.09
EUR 38
138.65
RUB 1.19