АсосийСПОРТ

Криштиану Роналду Португалия терма жамоасидаги фаолиятини якунлади

Футболчи миллий жамоа сафидаги 23 йиллик фаолиятига якун ясаб, 7-рақамли футболкасини келажак авлодга қолдиришини маълум қилди.

'Криштиану Роналду Португалия терма жамоасидаги фаолиятини якунлади'ning rasmi

Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду миллий жамоадаги фаолиятини якунлаётганини эълон қилди. У бу ҳақда португалиялик мухлисларга йўллаган самимий мурожаатида маълум қилди.

Роналдунинг қайд этишича, у 2003 йил августидан буён Португалия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган. Бу йиллар давомида у учун 7-рақамли футболкани кийиш нафақат имтиёз, балки катта масъулият ҳам бўлган.

"Бугун уни келажакка топшириш вақти келди. Бу осон қарор бўлмади. Чунки айрим қарорлар фақат ақл билан эмас, юрак билан ҳам қабул қилинади", — деб ёзди футболчи.

У терма жамоадаги фаолияти давомида фақат голлар, рекордлар ва совринларни эмас, балки инсонларни, мухлисларни ва улар билан боғлиқ хотираларни ҳам қадрлашини таъкидлади.

"Футбол ўйиндан анча катта тушунча. Футбол — бу инсонлар", — деди Роналду.

Футболчи фаолияти давомида ғалабалардан ҳам, мағлубиятлардан ҳам сабоқ олганини, баъзида мухлислар кутган натижани бера олмаганини, бироқ Португалия шарафини ҳимоя қилишдан ҳеч қачон тўхтамаганини билдирди.

У, шунингдек, терма жамоадаги сафдошлари, мураббийлар штаби, шифокорлар, физиотерапевтлар ва жамоа ортида меҳнат қилган барча ходимларга миннатдорлик билдирди. Оиласига эса ушбу йўлдаги қўллаб-қувватлови ва сабр-тоқати учун алоҳида раҳмат айтди.

"Мен терма жамоа сардори бўлиш шарафига муяссар бўлдим. Аммо сардор ҳеч қачон ёлғиз юрмайди. Сизларнинг ҳар бирингиз менинг тарихимнинг бир қисмисиз", — дея ёзди у.

Роналду португалиялик мухлислар билан боғлиқ энг қадрли хотираларидан бири сифатида миллий мадҳия янграган лаҳзаларни тилга олди. Унинг таъкидлашича, ўша дақиқаларда клублар, касблар, ижтимоий мавқе ва қарашлар аҳамиятини йўқотиб, барчани ягона туйғу — Португалияга бўлган муҳаббат бирлаштиради.

"Бугун Португалия терма жамоаси билан майдондаги йўлим якунланмоқда. Бошимни баланд кўтарган ҳолда, босиб ўтган йўлимдан фахрланиб кетяпман. Аммо ҳеч қачон сизлардан бири бўлишдан тўхтамайман. Португалиянинг ҳар бир ғалабасидан сизлар билан бирга қувонаман", — деди футболчи.

У сўзининг якунида 23 йил давомида унга ишонган барча мухлисларга миннатдорлик билдириб, 7-рақамли футболка ўзидан кейин қолиши, аммо уни кийганидан фахрланиш туйғуси бир умр ўзи билан қолишини таъкидлади.

"Мен бутун ҳаётим давомида дунёнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун меҳнат қилдим. Бугун эса энг катта ғалабам дунёнинг энг яхши мамлакати шарафини ҳимоя қилишга муносиб бўлганим эканини англаяпман. Португалия доимо қалбимда бўлади. Абадий хайр", — дея мурожаатини якунлади Криштиану Роналду.

    Бошқа янгиликлар