“ЎЗБЕКНЕФТГАЗ”дан халқимизга мустақиллик туҳфаси: Куз-қиш мавсумида суюлтирилган газ таъминоти янада кўпроқ истеъмолчиларни қамраб оладиган бўлди
"Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газни қайта ишлаш бўйича Ўрта Осиёда иккинчи ўринда тур...
"Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газни қайта ишлаш бўйича Ўрта Осиёда иккинчи ўринда турувчи Муборак газни қайта ишлаш заводида инвестиция доирасида амалга оширилган умумий қиймати 75 млн. долларлик лойиҳа халқимизга мустақиллик туҳфаси бўлди, дейиш мумкин. Ушбу инвестицион лойиҳа доирасида Муборак газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг 1-2-3 технологик тармоқлари модернизация қилинди ва янги 4-тармоғи қурилиб, ишга туширилди.
Хўш, бу нима беради ва айнан аҳоли эҳтиёжини қондириш борасида қай даража самарали? “Ўзбекнефтгаз“ АЖ томонидан пандемия ва карантин шароитларига қарамай, соҳа ходимларининг фидойилиги билан ва астойдил амалга оширилган инвестицион лойиҳанинг очилиш маросимида иштирок этган масъуллар айни шу саволларга жавоб беришди.
Алишер СУЛТОНОВ, Энергетика вазири:
– Мазкур инвестицион лойиҳа доирасида яратилган имконият давлат раҳбарининг соҳа ходимлари олдига қўйган вазифалардан бири бўлиб, халқимиз куз-қиш мавсумида ҳеч қандай қийинчиликни сезмаслиги, октябр ойидан мартгача бўлган даврда суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида тизимда олиб борилган амалий ҳаракатлар натижасидир. Модернизация қилинган, янги ишга туширилган ушбу қурилмалар айни шу мақсадларни амалга ошириш имкониятини беради. Бу мазкур қурилмалар ҳисобидан йилига 62 минг тонна ишлаб чиқарилган суюлтирилган газ ҳажми бутун республикамиз аҳолисининг салкам бир ярим ойлик истеъмолини ташкил этади, деганидир. Ана шундай самарадор лойиҳани амалга оширишда шу соҳадаги барча заҳматкаш ходимларнинг ҳиссаси бор ва уларни бундай муваффақиятли натижа билан табриклайман.
Меҳриддин АБДУЛЛАЕВ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 январдаги ПҚ-2745-сонли “2017 йилда Республикада нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш тўғрисида” ва 2020 йил 9 январдаги ПҚ - 4563 - сонли «2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Муборак газни қайта ишлаш заводида пропан - бутан аралашмасини олиш қурилмасининг 1, 2, 3 - тармоқларини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди. Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш учун мазкур лойиҳа жараёни аввалроқ бошланган. Сўнгги 8 ой, ҳатто 5 ой мобайнидаги пандемия ва карантин шароитига ҳам қарамай, лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш мақсадида барча кучлар сафарбар қилинган ҳолда қурилиш ишлари тўхтамади. Бу жараён бизни мустақил ишлашга, мустақил қарорлар қабул қилишга мажбур қилди. Жараёнда Россия, Украинадан ҳамкорларимиз иштирок этди. Улар билан видеоконференц алоқа орқали қурилмаларнинг ҳар бир деталигача маслаҳатлашиб, синчиклаб ўрганилди.
Заводда лойиҳа доирасида пропан-бутан ажратиб олиш қурилмасининг модернизация қилинган 1-2-3 тармоқлари ва янги қурилган 4-тармоғи аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кўпайтиради. Лойиҳа доирасида йилига қўшимча 62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22,5 минг тонна газ конденсатини ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилгани 100 та янги иш ўринлари яратилишига ҳам асос бўлди.
Бундай лойиҳалар Энергетика вазирлиги ва нефть-газ соҳаси мутахассислари билан ҳали кўплаб давом этади. Бир сўз билан айтганда, халқимизга ушбу лойиҳани туҳфа, десак бўлади. Шу ўриндан айтишим керакки, мана шу соҳада раҳбар сифатида 8 ой мобайнида фаолият олиб бораётган бўлсам, сўнгги 5 ойдаги соҳа ходимлари билан бирга олиб борилган меҳнат шахсан мени соҳага янада яқинлаштирди, чиниқтирди, бундан кейинги муҳим, катта лойиҳаларни амалга оширишга ундади.
Зоир МИРЗАЕВ, Қашқадарё вилояти ҳокими:
– Соҳа масъуллари лойиҳадан кутилаётган натижалар ҳақида маълумотлар беришди. Лойиҳа билан танишиш жараёнида яна бир жиҳат алоҳида кайфият бердики, бу қурилмалар модернизацияси ва қурилишида маҳаллий кадрларнинг кенг қамровли иштирокидир. Бугунги кунда эса мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор ва имкониятларнинг самараси, дейиш мумкин. Ушбу завод фаолиятида 50 йиллик тарихга гувоҳ бўлган соҳа ходимларининг таъкидлашича, аввал амалга оширилган бундай кенг қамровли лойиҳаларда маҳаллий кадрларнинг иштироки кўзга кўринмас даражада бўлган. Қолаверса, ана шундай юқори қувватли ва одамларни барқарор иш билан таъминлайдиган объектларнинг сони кўпайиши бугунги куннинг талаби. 5 ой давомида пандемия шароитида эса мамлакатимиз учун бундай лойиҳалар иқтисодиётимизга катта далда бўлади. Бу лойиҳаларнинг байрам арафасида ишга туширилиши эса халқимизга янада кайфият беради. Негаки, бу лойиҳа халқимизнинг табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини янада кўпроқ қондириш имкониятини беради.
Ушбу очилиш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ лойиҳада иштирок этган бир қатор соҳа ходимларини мукофотлади. Мукофотларганларга “Спарк” автомашинаси, музлаткич ва телевизор каби совҳалар топширилди. Бундай рағбат ва эътибор соҳа ходимларини янада юксак марраларни забт этишга ундайди ва иқтисодиётимизга далда бўладиган бу каби яна кўплаб лойиҳалар халқимиз манфаати учун имкониятлар эшигини очади, деган умиддамиз.