АсосийЖАМИЯТ

Самарқандда эри мажбурлаб памперс едирган ва доимий хўрлаб келинган аёлни ҳокимлик яраштирмоқчи

Интернетда Самарқанд шаҳрида яшовчи Мустаҳкам исмли аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи т...

'Самарқандда эри мажбурлаб памперс едирган ва доимий хўрлаб келинган аёлни ҳокимлик яраштирмоқчи'ning rasmi

Интернетда Самарқанд шаҳрида яшовчи Мустаҳкам исмли аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида видеолавҳалар тарқалди. Ушбу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин муҳокама қилинмоқда. Сал аввал ушбу ҳолат ўрганилиб, зўравон эр Тошкентда қўлга олингани хабар қилинган эди.

Айни пайтда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам вазият бўйича изоҳ берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат бўйича суриштирувлар давом этмоқда.

«Ҳозирда аёлга тиббий, руҳий ёрдам кўрсатилмоқда. Руҳшунос мутахассис ҳар куни у билан мулоқот олиб бориб, тегишли муолажаларни амалга оширмоқда. Шунингдек, унга ва фарзандларига тиббий кўмак кўрсатилиб, вақтинча яшаши учун шароит яратилган. Тергов-суриштирув ишлари давом этаётгани, унга тазйиқ ёки бирор-бир таҳдидлар ўтказилишининг олдини олиш учун аёлнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумотлар очиқланмагани маъқул.

Аёлнинг оиласи, маҳалласига бориб, вазиятни ўргандик. Оиласи, қайнона-қайнотаси келини ҳақида жуда яхши фикрда. Уларнинг айтишича, ўша куни келини огоҳлантирмай қариндошиникида қолиб кетган. Жанжал шундан келиб чиққан», — дейди Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари ўринбосари Зебинисо Раҳмонова.

«Аёл бир неча йилдан бери таҳқир, хўрланишлар остида яшаб келса-да, бирор марта на маҳаллага, на бошқа ташкилотга мурожаат қилмаган. Шунинг учун маҳаллада бу оила нотинч оила сифатида рўйхатда турмайди», — дейилади Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг изоҳида.

Дарёда айтилишича, Мустаҳкамнинг эри томонидан калтакланиши оиланинг уйидаги камерада ёзилган. Аёл видеоёзувларни кўчириб олганидан кейин видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган. Қайд этилишича, аёлнинг уйда эри томонидан шафқатсиз калтакланиши анчадан буён муттасил такрорланиб турган. Мазкур видео 22 август куни тарқалган. 23 августда ИИБ ходимлари оила яшайдиган хонадонга борганида аёл оғир руҳий тушкунликда бўлган.

Рафиқасини хўрлаган эр эса тасвирлар интернетда тарқалгач, қочиб кетган. 23 август куни ИИБ ходимлари маълумот асосида Тошкентга келиб, Мустаҳкамнинг эрини қўлга олган ва у 24 август куни Самарқандга олиб кетилган.

Мустаҳкамнинг тақдирини яқиндан кузатиб, ўрганиб, ёритиб келаётган ўзбекистонлик блогер Ақида Ҳанум 3 сентябрь куни ўзининг Facebook’даги саҳифасида Мустаҳкамнинг илтимосига кўра, у билан жонли эфирда суҳбатини ва мурожаатини бўлишган. Унда Мустаҳкам турмуш ўртоғининг севган аёли борлигини, унга 16 ёшлик вақтида турмушга чиққани, 8 йиллик турмуши давомида эри уни етим эканидан фойдаланиб, муттасил калтаклагани, ишлатилган памперсни мажбурлаб едирганини айтган.

https://www.facebook.com/aqida.ҳанум/видеос/10159076641917697/

Бундан ташқари, Мустаҳкам блогерга ҳокимлик уни эри билан яраштирмоқчи эканини, ўзи буни истамаслигини айтиб, ёрдам сўраб SMS ёзган.

Скриншот: Facebook

Блогернинг навбатдаги жонли эфирида маълум қилинишича, Мустаҳкамнинг қайнотаси келинини ўғли билан яраштириш учун муайян мансабдорларга пул берган ва ишни «босди-босди қилмоқчи». Ақида Ҳанум қайнота «Самарқанднинг бойларидан эканини», унинг синглиси Дубайга қизларни сотишини, жабрдийда қизлар уларнинг устидан тегишли органларга ариза ёзганида таҳдидга учраганини, ҳозирда қайнота келинидан узр сўраб SMS ёзгани, аммо унга уй олиб бериш нияти йўқлигини ҳам айтиб, «уялинг қайнота» деб айтган. Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутасаддиларининг вазиятни била туриб, Мустаҳкамни эри билан яраштирмоқчи эканини «шармандалик» деб атаган.

Мустаҳкам Ақида Ҳанумга телефон қилиб, қайнотаси уни излаётганини, аёлга «эшикларни қулфлаб ўтиринг» деган огоҳлантириш келганини айтиб, хавотирини билдирган.

Воқеа юзасидан кўплаб ўзбекистонликлар ва хорижда яшаётган фуқаролар пул йиғишни ва Мустаҳкамга уй олиб бериш фикрини илгари суриб, блогердан Мустаҳкамни Тошкентга олиб келишини сўраган. Аммо ҳозирда тергов жараёнлари кетаётгани сабаб блогер Мустаҳкамни Самарқанддан олиб чиқиб кетишнинг иложи йўқлигини маълум қилган.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттаханова ҳам Мустаҳкам билан учрашиб, қўли гипсда бўлган Мустаҳкамни агентлик кўмаги билан тиббий кўрикдан ўтказилганини, аммо у ҳозирда стрессда экани ҳақида Faceбооокъдаги саҳифасида маълум қилган. Мустаҳкамнинг эрига қатъий қонуний чора кўрилса, бундай ҳолатлар сони камайишини ҳам таъкидлаган.

    Бошқа янгиликлар