Нукус шаҳридаги 22 та автомобиль газ тўлдириш компрессор станциясида сиқилган газ нархи бир вақтда оширилгани аниқланди. Рақобат қўмитаси уларга нисбатан молиявий жарималар қўллади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Текширув фуқаро мурожаати асосида ўтказилган. Унда барча 22 та шохобчада бир куб метр сиқилган газ нархи аввалги қийматга нисбатан бир вақтда ўртача 1 050 сўмгача оширилгани маълум бўлган.
Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси мазкур ҳолат юзасидан Рақобат тўғрисидаги қонуннинг 19-моддаси — рақобатга қарши келишиб олинган ҳаракатларни тақиқловчи норма бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатган. Натижада станцияларга молиявий санкциялар қўлланилган.
Шунингдек, қоидабузарликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
Қўмита маълумотига кўра, тўққизта хўжалик юритувчи субъект комиссия қароридан норози бўлиб, судга мурожаат қилган. Суд қўмита қарорларининг қонунийлигини тасдиқлаган.






