Сўнгги кунларда бир қатор қурилиш компаниялари, жумладан, "Imarat Development" фаолияти, уйларни топшириш муддатларининг бузилиши ва харидорларга пуллар қайтарилмаётгани жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Урбанизация миллий қўмитаси расмий муносабат билдирди.
Қўмита уй-жой сотиб олиш учун маблағ киритган фуқаролар ваъда қилинган хонадонларсиз ва пулларини қайтариб олиш имкониятисиз қолишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган "Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида"ги қонун лойиҳасига эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш киритилган.
Ушбу механизмга кўра, харидорларнинг маблағлари махсус банк ҳисобварақларида сақланади ва қурилиш компаниясига фақат белгиланган шартлар бажарилганидан кейин ўтказилади. Бу фирибгарлик ва фуқаролар маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Қўмита таъкидлашича, эскроу тизими қурилиш компанияси ўз мажбуриятларини бажара олмаган ҳолатда ҳам лойиҳани давом эттириш учун бошқа қурувчини тезкор жалб қилиш имконини беради.
"Харидорлар маблағларини ишончли ҳимоя қилиш, қурувчилар томонидан мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилиши ҳамда бозорнинг ҳалол иштирокчилари учун шаффоф ва тенг шароитлар яратиш уй-жой қурилишининг асоси бўлиши лозим", — дейилади қўмита муносабатида.
Қўмита эскроу тизимини имкон қадар тезроқ жорий этиш бундай инқирозли вазиятларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг қурилаётган уй-жойлар бозорига бўлган ишончини тиклаш учун зарурлигини қайд этди.






