1

Электрдан қарздорликни тўлаган истеъмолчилар тармоққа нега қайта уланмаяпти?

ИҚТИСОДИЁТ 18.09.2020, 13:26
Электрдан қарздорликни тўлаган истеъмолчилар тармоққа нега қайта уланмаяпти?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан маиший истеъмолчилардан электр энергияси учун ҳисоб-китобларда муаммолар юзага келаётгани тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқларда, шу жумладан жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани истеъмолчилари ўртасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар Агентлик ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ масъул ходимлари иштирокида жойига чиқиб ўрганилди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агнтлиги маълум қилди.

Ўрганишда ва аҳоли билан ўтказилган суҳбатларда, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган истеъмолчилар жорий йилнинг 16 сентябрь куни электр энергиясидан қарздорлик учун узиб қўйилганлиги, тегишли тўловлар амалга оширилган бўлишига қарамай, абонентларни тармоққа қайта улаш ишлари маълум муддатга кечикаётганлиги маълум бўлди.

Жумладан, ТEТК масъул ходимлари томонидан берилган тезкор маълумотларга кўра, Мирзо Улуғбек туманидаги электр энергияси маиший истеъмолчиларининг 4200 таси қарздорлик учун 16 сентябрь куни тармоқдан автоматик равишда узилган, улардан 3600 га яқини 16-17 сентябрь кунлари амалга оширилган тўлов эвазига тармоққа қайта уланган ва қолган 600 та абонентларнинг тармоққа уланиши таъминланмаган.

Худди шундай, Олмазор туманида 3100 та абонент тармоқдан узилганлиги ва тегишли тўловни амалга оширган истеъмолчиларни тармоққа қайта улаш чоралари кўрилаётганлиги аниқланди.

Соҳа мутасаддилари томонидан берилган дастлабки ахборотларга кўра, дастурий таъминотда кучланиш ортганлиги ва маълумотлар алмашинувида қисқа техник носозликлар юзага келганлиги сабабли кўп сонли абонентлар автоматик равишда қайта уланмай қолган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг:

126-бандига асосан, электр энергияси истеъмолчилари, шу жумладан:

  • электр энергияси етказиб беришнинг тўхталиши ёки тўхтатиб қўйилиши сабаблари тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олиш;
  • электр энергияси етказиб берилиши тўхтатилганда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқларига эга.

131-бандига асосан, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қуйидагиларга мажбур, шу жумладан:

  • ускуналарни, электр узатиш линияларини, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини эксплуатация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва ускуналарни таъмирлаш, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этиш;
  • электр энергиясини электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик бўлиниш чегарасига электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳажмда узлуксиз етказиб бериш;
  • истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришнинг тўхтатиб турилиши ва бунинг сабаблари тўғрисида маълумот бериш;
  • истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини белгиланган тартибда ҳисобга олиб бориш.

Юзага келган муаммоларни ва аҳолининг оворагарчилигига сабаб бўлувчи омилларни тезкор равишда бартараф этиш чораларини кўриш, тўловларни қабул қилиш ишларини ва аҳолидан эътирозларни қабул қилиш диспетчерлик алоқа хизматлари фаолиятини янада кучайтириш (кўпроқ ходимларни жалб қилиш, иш вақтини туну-кун ташкил қилиш), маълумот алмашинуви ва тармоққа қайта улаш ишлари тезкорлигини таъминлаш бўйича Агентлик томонидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Бу борада мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1