Коронавируснинг тўсиқсиз тарқалиши асосида жамоавий иммунитетга эришиш ғояси аҳлоқий нормалар ва илмий ёндашувга зиддир. Бундай фикрни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Aдханом Гебрейесус Женевадаги брифингда билдирди.
“Тарихда ҳеч қачон жамоавий иммунитет касаллик авж олишини бартараф этиш стратегияси сифатида ишлатилмаган”, – деди ЖССТ раҳбари.
Гебрейесуснинг таъкидлашича, аҳолининг етарлича катта қисми иммунитетга эга бўлганда касаллик тарқалиши тўхтайди, деган жамоавий иммунитет концепцияси одамлар орасида вируснинг эркин айланишига эмас, балки оммавий эмлашга асосланади.
Шунингдек, Гебрейесуснинг айтишича, коронавирусдан шифо топган одамда COVID-19 қўзғатувчисига қарши иммунитет қанча вақт сақланиб қолиши ҳали маълум эмас. ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, кўплаб мамлакатлар жамоавий иммунитет даражасига эришишдан ҳали ҳам йироқдир.
Бундан ташқари, Гебрейесус "COVID-19"нинг инсон организмида қолдирадиган узоқ муддатли асоратлари ҳали тўлиқ ўрганилмаганлигини унутмасликка чақирди.






