1

Президент ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйган корхоналарни танқид қилди

СИЁСАТ 21.10.2020, 20:27
Президент ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйган корхоналарни танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда таъкидлаб ўтилганидек, пандемия оқибатлари саноат ишлаб чиқариш суръатларига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Шу боис давлатимиз томонидан ҳар бир тармоқни қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўрилди. Карантин даврида ҳам ишлаб чиқариш давом этди. Буларнинг натижасида саноатда юзага келиши мумкин бўлган жиддий йўқотишларнинг олди олинди.

Эътиборлиси, иқтисодиётда юқори қўшилган қийматни таъминловчи қайта ишлаш саноатида 9 ойда қарийб 3 фоиз ўсиш қайд этилди. Хусусан, электр техникаси ишлаб чиқариш 25 фоиз, тўқимачилик маҳсулотлари 12 фоиз, металл рудалари қазиш 7 фоиз ва қурилиш материаллари 6 фоизга ўсди.

Шунингдек, автомобиллар 1,5 баравар, электр техникаси маҳсулотлари 1,3 баробар, тўқимачилик товарлари 16 фоиз, мис сим 15 фоиз кўп экспорт қилинди.

Натижада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 0,4 фоиз ижобий даражада сақлаб қолинди ва бюджет даромади 1,9 триллион сўм ортиғи билан бажарилишига эришилди.

Шу билан бир қаторда, айрим тармоқ ва ҳудудларда ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилгани оқибатида саноат маҳсулотлари бўйича умумий кўрсаткич 2,7 фоизга камайган.

Йиғилишда бунга сабаб бўлган омиллар танқидий таҳлил қилиниб, йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажмларини таъминлаш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, саноат тармоқлари ва ҳудудларда яна қандай захиралар борлиги, уларни ишга солиш учун нималар қилиш кераклиги батафсил муҳокама қилинди. Пировард мақсад – экспорт, даромад, манфаат.

– Саноат корхоналари бошқарув тизимида муаммолар бор. Маҳсулотлар таннархини тушириш керак. Бу рақобат муҳитини яратишнинг муҳим асосидир, – дея таъкидлади Президент.

Аввал нефть-газ тармоғидаги ишлар таҳлил қилинди. Қолоқликка йўл қўйган корхоналар фаолияти танқидий баҳоланиб, раҳбарларнинг лавозимларига лойиқлик масаласи кўриб чиқилди.

Йил якуни билан табиий газ қазиб олишни кўпайтириш, ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, 740 минг тонна нефть ва конденсат қазиб олиш, 203 минг тонна суюлтирилган газ ва 125 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

“Ўзкимёсаноат” корхоналарида ҳали резервлар мавжудлиги, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, экспортга йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Қўқон суперфосфат заводининг биринчи босқичини модернизация қилиш, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида аммиак ва карбамид комплексини ишга тушириш чоралари белгиланди.

“Ўзавтосаноат” бошқарувига ўтган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида трактор ва сеялкалар ишлаб чиқариш 2 баробар камайгани кўрсатиб ўтилди. IV чоракда автомобиллар ишлаб чиқаришни 62 мингтага етказиб, 165 миллион долларлик экспорт қилиш, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни хорижий бозорларга сотишни йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. Халқаро экспертлар билан бирга автомобиль саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1