Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция жалб қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва йирик тиббиёт муассасаларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди.
Маълум қилинишича, айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган 35 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Улар доирасида янги ихтисослашган марказлар ва кўп тармоқли шифохоналар қуриш, мавжуд тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлаш назарда тутилган.
Тақдимотда янги тиббиёт муассасаларининг жойлашуви, қуввати ва хизматлари аҳоли эҳтиёжларига мос бўлиши кераклиги таъкидланган. Шунингдек, лойиҳаларга хусусий секторни жалб қилиш ва тиббиёт муассасаларини бошқаришнинг янги усулларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Хусусан, Миллий онкология маркази, Республика неврология ва инсульт маркази, Тошкент вилоятида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қашқадарё вилоятида янги шифохоналар ҳамда Нукус шаҳрида оналар ва болалар марказини барпо этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Термиз шаҳрида тиббий таълим дастурларини йўлга қўйиш, давлат-хусусий шериклик асосида Самарқанд шаҳрида 800 ўринли шифохона ва Бухоро вилоятида кўп тармоқли тиббиёт муассасасини ташкил этиш кўзда тутилган.
Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳақида ҳам ахборот берилган.
Шу билан бирга, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган яна тўққизта истиқболли лойиҳа бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Улар неврология ва инсульт, руҳий саломатлик ва наркология хизматлари, болалар онкологияси ва гематологияси инфратузилмасини ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам автопаркини янгилаш ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлашни қамраб олади.
Келгусида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция жалб қилиш инфратузилманинг мастер-режаси билан боғланади. Шу асосда 2040 йилгача мўлжалланган инвестиция стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Дастлаб амалдаги лойиҳалар хатловдан ўтказилиб, уларнинг долзарблиги ва амалга ошириш имкониятлари баҳоланади. Кейин ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, устувор лойиҳалар танланади, уларнинг инвестиция паспортлари ва ягона портфели шакллантирилади. Мазкур стратегия хусусий инвесторлар, халқаро молия институтлари ва донорлар билан ишлашда асосий йўналишларни белгилаб бериши кутилмоқда.
Тиббиёт муассасалари фаолиятига хусусий секторни жалб қилишнинг муҳим йўналишларидан бири аутсорсинг бўлади. Келгуси йилдан жорий этиладиган янги тартибга кўра, муассасалар айрим тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий ташкилотлардан харид қилиши мумкин.
Бунда хизмат кўрсатувчилар билан узоқ муддатли шартномалар тузиш, хизмат ҳажми ва сифатини олдиндан белгилаш, натижаларни аниқ мезонлар асосида баҳолаш таклиф этилмоқда. 2030 йилга бориб хизматлар харидида аутсорсинг улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Ушбу жараённи шаффоф ташкил этиш учун «Тиббиёт аутсорсинги» электрон тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Унда хизматлар, ижрочилар ва шартномаларнинг ягона реестри юритилиб, кўрсатилган хизматлар ҳажми, сифати ва тўловлар назорат қилиб борилади. Тизимни давлат харидлари билан интеграция қилиш ҳам кўзда тутилган.
Йирик тиббиёт муассасаларига профессионал бошқарувчиларни жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Уларни очиқ танлов асосида саралаш ва фаолиятини ҳар йили белгиланган натижа кўрсаткичлари бўйича баҳолаш таклиф этилмоқда. 2030 йилгача бешта йирик муассасада шундай бошқарув тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.






