Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантириш стратегик мақсад эканини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг 28 октябрь куни Марказий Осиё халқаро таълим форуми иштирокчиларига йўллаган табригида сўз борди.
Президент минтақадаги давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва амалий шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, мамлакатларнинг келгуси тараққиёти кўп жиҳатдан таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва ислоҳотлар самарасига боғлиқ.
Шунингдек, Жаҳон банки прогнозларига кўра, Марказий Осиё иқтисодиёти 2026 йилда 5,8 фоизга ўсиши кутилмоқда. Қарийб 85 миллион аҳоли истиқомат қилаётган минтақанинг энг катта бойлиги эса билим олишга интилувчан ёшлар экани таъкидланди.
«Ана шу улкан демографик салоҳиятни қудратли интеллектуал кучга айлантиришда энг самарали йўл — сифатли, замонавий таълим ва тарбиядир», дейилади табрикда.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилганини қайд этди. Яқинда қабул қилинган алоҳида фармон билан мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқаруви ягона тизимга бирлаштирилгани айтилди.
Бу орқали болаларнинг илк таълим босқичидан тортиб, етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланишигача бўлган жараённинг узвийлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, таълим тизими фақат тайёр билим бериш билан чекланмаслиги керак. У ёшларда мустақил фикрлаш, ижодкорлик, масъулият ва бутун умр давомида ўрганиш кўникмаларини ҳам шакллантириши лозим.
Шу мақсадда ўқитувчи ва мураббийлар ролини ошириш, таълим мазмунини янгилаш, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш, мактаблар, техникумлар, университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, қизлар, қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги болалар, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ёшлар учун имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Президент сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва замонавий муҳандислик йўналишларини ривожлантириш, университетларни илмий ихтиро ва ишланмалар марказига айлантириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини ҳам қайд этди.
Унинг фикрича, сув ва энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ҳамда меҳнат бозоридаги технологик ўзгаришлар каби муаммоларни ҳал этиш учун минтақадаги давлатлар билим ва имкониятларини бирлаштириши керак.
Шу боис университетлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни кўпайтириш, талабалар ҳамда олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
"Бизнинг бу соҳадаги стратегик мақсадимиз — Марказий Осиёни ўзаро ишонч ва дўстлик диёрига, илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантиришдир", дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент форум доирасида ушбу мақсадга хизмат қиладиган янги ғоялар, амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилишига ишонч билдирган.






