Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев Туркиянинг миллий байрами — Республика куни муносабати билан Режеп Таййип Эрдоған ва бутун турк халқини табриклаб, тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади.
Музокараларда сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар барча даражаларда фаоллашгани таъкидланди. Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар ҳамда авиақатновлар сони ортиб бормоқда.
Томонлар бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни ташкил этиш, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш, истиқболли лойиҳалар кўламини кенгайтириш ва янги йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратди.
Шунингдек, етакчилар бўлажак тадбирлар режаси, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.






