Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда суст фаолият кўрсатаётган корхоналар таҳлилидан ташқари, иқтисодиётга улуш қўшадиган манбаларга эътибор қаратилди.
Айтиб ўтилганидек, қурилиш материаллари, электр техникаси ва енгил саноатда ҳам ҳали ишлатилмаган захиралар бор. Масалан, қурилиш материаллари бўйича йил якунигача 11 та лойиҳа амалга оширилади. Бу орқали янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб ва мавжуд корхоналар қуввати оширилиб, импорт ўрнини қоплашга эришилади.
Электр техникаси саноатида 12 хил маҳсулотни маҳаллийлаштириш лойиҳаси режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари ушбу қувватларни тезроқ ишга тушириб, рақобатни таъминлаш, товарлар нархини арзонлаштириб, экспортни кенгайтириш муҳимлигини айтди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига мавжуд қувватларни тўла ишга солиш, 100 дан зиёд янги корхонага АҚШ ва Европада тан олинган халқаро сертификатлар олишда кўмаклашиб, уларни экспортга жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Бозор механизмлари тўлиқ кириб бормаган тармоқларни трансформация қилиш долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис Президентимиз саноат корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, халқаро бошқарув тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Йиғилишда ҳудудий саноат корхоналарида мавжуд резервлардан фойдаланиб, қўшимча ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўтган 9 ойда маҳаллийлаштириш борасида 55 та ҳудудий лойиҳа ижроси кечиккан, 144 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш ҳажми таъминланмаган. Оқибатда 720 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш имконияти йўқотилган.
Тегишли вазирлик ва ҳокимликларга қолоқликка йўл қўйилган лойиҳалардаги муаммоларни бартараф этиш, импорт ўрнини босувчи янги истиқболли йўналишларни ўрганиб, маҳаллийлаштириш дастурига киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Умуман, қолган уч ойда қиймати 7 миллиард долларлик 80 та тармоқ ва 44 та ҳудудий йирик лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугун экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қуватлашни кенгайтириш бўйича фармонни имзоладим. Энди бундай корхоналар учун янги ташкил қилинаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қўшимча маблағлар ажратилади. Шу мақсадда жамғармага 100 миллион доллар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларни ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш учун корхоналарнинг айланма маблағларига йўналтирилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бош вазир ўринбосарларига бу борадаги вазифаларни тезкор, самарали ва манзилли ҳал қилиб бориб, йил якунига белгиланган кўрсаткичларни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ҳисобот берди.






