19 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги биносида вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг вилоятда озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича ҳисоботи ўқиб эшиттирилди. Фарғона вилояти озиқ-овқат захираси қандай шакллантирилган? Вилоят келаётган қиш ва баҳордаги “узилиш” мавсумига қанчалик тайёр?
“АҲОЛИНИНГ МОЛ ВА ҚЎЙ ГЎШТИ ВА СУТ МАҲСУЛОТЛАРИГА БЎЛГАН ТАЛАБИ ТЎЛИҚ ҚОНДИРИЛДИ”
Хайрулла БОЗОРОВ, Фарғона вилояти ҳокими:
— Вилоятда 2018-2020 йилларда тижорат банклари томонидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қишлоқ ҳужалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш мақсадида қарийб 2 трлн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида, биргина чорвачилик соҳасида вилоятимизга хориждан 6.7 минг бош йирик шохли ва 12.2 минг бош майда шохли чорва моллари олиб келиниб, аҳолининг мол ва қўй гўшти ва сут маҳсулотларига бўлган талаби тўлиқ қондирилишига эришилди. Маҳсулотларни етиштириш ҳажмлари бўйича аввалги йилларга нисбатан барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
УНДА НАРХЛАРНИНГ АСОССИЗ ОШИБ КЕТИШИГА НИМА САБАБ НИМА БЎЛГАН?
— Ҳудудларда “даладан-истеъмолчигача” тамойили асосида етарли ишлар ташкил этилмаганлиги, даврий равишда янгиланиб турадиган озиқ-овқат захирасини яратишга эътибор қаратилмаганлиги бозорлардаги нарх-наволарни ошиб кетишига олиб келмоқда.
ВИЛОЯТДА НАРХЛАР ҚАНЧАЛИК ОШГАН?
— Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида сут маҳсулотлари 16,0 фоизга, картошка 13,7 фоизга, гўшт маҳсулотлари 11,4 фоизга, ёғ-мой маҳсулотлари 10,2 фоизга, шакар, чой ва зираворлар нархи 5,4 фоизга ўсиб кетган.

АҲОЛИНИНГ ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИГА БЎЛГАН ТАЛАБИ МЕЪЁРЛАРИ ҚАНДАЙ?
— Фарғона вилояти аҳолиси 3,7 млн. нафардан ошади. Вилоят ҳокимининг тақдим этган маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 ноябридан 2021 йил 1 майгача бўлган даври учун аҳолининг энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабининг аниқ ҳисоб-китоби ишлаб чиқилган. Демак ҳар бир киши учун 6 ойлик меъёр: картошка – 22 кг; пиёз – 10 кг; сабзи – 7,8 кг; гуруч – 5 кг; ун маҳсулотлари – 36 кг; мол ва қўй гўшти – 9,6 кг; парранда гўшти – 9,5 кг; балиқ гўшти – 5 кг; тухум – 106 дона.
ВИЛОЯТ ЎЗИНИ ЎЗИ ҚАНЧАЛИК ТАЪМИНЛАЙ ОЛАДИ?
— Аҳоли эхтиёжи учун зарур бўлган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминланиши ҳамда етишмаган маҳсулотларни қоплаш манбаларига аниқлик киритилган. Жумладан, парранда гўшти – 69,4 фоиз, картошка - 84 фоиз, ўсимлик ёғи - 77,9 фоиз, балиқ - 60,0 фоиз вилоятдаги ишлаб чиқарувчилар томонидан, шакар - 88 фоиз бошқа вилоятлар ҳисобидан қопланади.
“ИМПОРТНЫЙ” ГЎШТЛАР АРЗОНРОҚ ВА БЮДЖЕТ УЧУН ҲАМ ФОЙДАЛИ
— Импорт ҳисобига олиб келинган гўшт маҳсулотларини аввало мактабгача таълим муассалари, махсус мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларига етказиб бериш назарда тутилмоқда. Бу ўз навбатида бозорларда таклифни ортишига ва нархларни тушишига хизмат қилади. Ғазначилик органларидан олинган маълумотларга кўра бугунги кунда бюджет муассасаларига 1 кг гўшт 53,0 минг сўмдан етказиб берилмоқда. Белоруссиядан олиб келинаётган гўштни нархи эса қўшилган қиймат солиғсиз 42,0 минг сўмга тўғри келиши кутилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, агар биз бюджет муассасаларига четдан гўшт маҳсулотларини олиб келадиган бўлсак, 3 ойда нархлар ўртасидаги фарқ ҳисобидан 8,1 млрд. сўм иқтисод қилишимиз мумкин.
ИМПОРТ УЧУН ҚАНЧА МАБЛАҒ КЕРАК ВА БУ МАБЛАҒЛАР КИМНИНГ ҲИСОБИДН БЎЛАДИ?
— Бошқа худудлардан ва импорт ҳисобига олиб келинадиган 10,8 минг тонна парранда гўшти, 7,3 минг тонна балиқ, 20,8 минг тонна шакар, 3,8 минг тонна ўсимлик ёғига бўлган қўшимча эҳтиёжларини қоплаш учун 10 та йирик тадбиркорлар жалб этилган бўлиб, ушбу харажатлар учун жами 312,7 млрд. сўм маблағлар зарурлиги хисоб-китоб қилинди. Шундан, бюджет маблағлари ҳисобидан 10.5 млрд. сўм, вилоят ҳокимлиги жамғармасидан 15,0 млрд. сўм, банк кредит маблағлари ҳисобидан 75.5 млрд. сўм ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 211,7 млрд.сўм маблағлари талаб этилади.

БАЪЗИ БОЛАЛАР БОҒЧАСИДА ГЎШТ ЎРНИГА ТОВУҚ ГЎШТИ ЕТКАЗИБ БЕРИЛГАН
— Афсуски, аҳолимиз музлатилган гўшт истеъмол қилишга одатланмаган. Шундай бўлса-да, ундан ижтимоий соҳаларда фойдаланиш мумкин. Мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларнинг 6 ойлик гўштга бўлган талаби 2 100 тоннадан иборат. Агар Беларусдан ойига 300 тонна гўшт импорт қилинган тақдирда ҳам ҳар бир килограммидан камида 11 минг сўм тежаб қолинади. Шунда бюджетга 22 миллиард сўм қолади. Шунингдек ижтимоий муассасалар сифатли гўшт билан таъминланади. Наманганда болалар боғчасида текшириш ўтказганимизда гўшт ўрнига товуқ оёғи етказиб берилганини аниқлаганмиз. Мана шундай ҳолатларга йўл қўймаслигимиз керак. Биз сифатли, ҳалол сертификатига гўшт олиб келишни йўлга қўйишимиз керак.
ТЕЖАЛГАН МАБЛАҒЛАР ҲАМ ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАФВСИЗЛИГИГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ
— Худди шунингдек, картошка, ўсимлик ёғи ва шакар етказиб беришда ҳам бюджет маблағларини иқтисод қилишимиз мумкин. Ушбу иқтисод қилинган маблағларни белгиланган тартибда мақбуллаштириб, вилоят ҳокимлиги жамғармасига ўтказиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларга йўналтириш режалаштирмоқда.
ИШЧИ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН ҲАМ ОЗИҚ-ОВҚАТ ЗАХИРАСИ ЯРАТИЛАДИ
— Вилоятидаги доимий иш жойига эга бўлган ишчи хизматчиларни иш берувчилар томонидан озиқ овқат маҳсулотлари заҳираси яратилади.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ





