Президент Шавкат Мирзиёев Кадастр агентлиги фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда қайд этилишича, сўнгги икки йилда 1 миллион 200 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилиб, қўшимча 16,5 минг гектар ер майдони ва 49 миллион квадрат метр қурилиш майдони аниқланган.
Аниқланган объектларнинг 270 мингтаси кадастр базасига киритилиб, бюджет учун йилига 315 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилган. Ҳозирда кадастр хизматларининг 90 фоизи онлайн тарзда кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, соҳада аҳоли ва тадбиркорларни қийнаётган қатор муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг биринчи ярмида кадастр хизматлари бўйича 1 миллиондан ортиқ ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 330 мингтаси, яъни қарийб 30 фоизи рад этилган.
Тақдимотда таъкидланишича, бу ҳолат фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига, шунингдек, коррупциявий хавфларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Қайд этилишича, айрим хизматлар учун қарорларни марказлашган тартибда қабул қилиш амалиёти ҳам аҳоли учун қўшимча тўсиқлар яратмоқда. Масалан, битта ҳовлини ака-ука ўртасида тақсимлаш учун тўртта, битта меросни уч қисмга ажратиш учун эса олтита ариза топшириш талаб этилади. Бир ариза ўртача 30–50 босқичда кўриб чиқилиб, жараён 15–20 кунгача чўзилади.
Тақдимотда Кадастр агентлигининг бошқарув тизими ҳам танқидий таҳлил қилинди. Айни пайтда туман ва вилоятларда Кадастр агентлиги ҳамда Кадастр палатасининг алоҳида тузилмалари мавжуд бўлиб, бу икки хил бошқарув тизимини юзага келтиргани қайд этилди.
Шу муносабат билан кадастр хизматларини босқичма-босқич қуйи бўғинга ўтказиш, ҳудудий бўлинмалар ваколатларини кенгайтириш ҳамда республика даражасидаги ходимларнинг камида 30 фоизини туманларга ўтказиш таклиф қилинди.
Шунингдек, “битта ариза – битта тўлов” тамойилини жорий этиш режалаштирилмоқда. Янги тартибга кўра, кўчмас мулкка ҳуқуқ юзага келганда ариза автоматик шакллантирилади ва проактив давлат хизмати кўрсатилади.
Бу орқали йилига 1 миллион 200 минг нафар аризачининг вақти ва маблағини тежаш, 200 мингга яқин ортиқча аризани қисқартириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни тўлиқ онлайн шаклга ўтказилади. Натижада ҳар йили 500 мингга яқин ариза ҳозирги 10–15 кун ўрнига бир неча сония ичида расмийлаштирилиши мумкин бўлади.
Тақдимотда маъмурий жавобгарликни мақбуллаштиришга оид таклифлар ҳам маъқулланди. Хусусан, 2018 йилга қадар ноқонуний қурилган уй-жойлар учун жарима қўлламаслик, ноқонуний қурилиш ихтиёрий равишда бартараф этилганда жавобгарликни енгиллаштириш ҳамда кўчмас мулк ҳуқуқини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаган шахсларга биринчи марта жарима ўрнига огоҳлантириш бериш таклиф этилмоқда.
Якунда мутасаддиларга кадастр хизматларини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократик босқичлар ва тўловларни қисқартириш, ваколатларни ҳудудларга бериш ҳамда соҳа ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.






