Туркиянинг Бурса вилоятида меҳнат қилиб келган Ўзбекистон фуқароси, 36 ёшли Ойбек Ниёзов тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Маълум қилинишича, Ойбек Ниёзов Бурса вилоятининг Инегўл тумани давлат шифохонасининг паллиатив ёрдам бўлимида беморларни парвариш қилиш бўйича тиббиёт ходими сифатида фаолият юритган.
Хабарларга кўра, 3 августдан 4 августга ўтар кечаси, тахминан соат 03:00 ларда унинг аҳволи кескин ёмонлашиб, йиқилиб тушган.
Ҳамкасблари — ҳамширалар ва шифокорлар томонидан зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Марҳумнинг жасади ўлим сабабини аниқлаш мақсадида Бурса Суд-тиббиёт институтига суд-тиббий экспертиза учун юборилган.






